IMEI коди рўйхатдан ўтмаган мобил қурилмаларни сотилиши билан боғлиқ масалалар ҳали-ҳануз учраб турибди

IMEI коди рўйхатдан ўтмаган мобил қурилмаларни сотилиши билан боғлиқ масалалар ҳали-ҳануз учраб турибди

Олтиариқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Жонибек МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Д.Холбековнинг Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Истеъмолчи туман марказидаги “Grand kredit” савдо дўконидан муддатли тўлов асосида 4 030 000 (тўрт миллион ўттиз минг) сўмга “Samsung А 21S” русумдаги қўл телефонини харид қилган. Лекин телефондан фойдаланиш жараёнида унинг IMEI коди давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги маълум бўлган. Натижада истеъмолчи харид қилинган товардан фойдаланишида муаммолар юзага келган.

Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига кўра, истеъмолчига товарни сотиш жараёнида у ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилган бўлса ва бу ҳолат зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Истеъмолчи Д.Холбеков билан худди шундай ҳолат содир бўлган, яъни харид пайтида унга хориждан келтирилган уяли телефон аппаратининг IMEI коди давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги тўғрисида маълумот берилмаган. Сабаби бундай маълумот бугунги кунда ўта зарур маълумотлар сирасига киради.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида савдо дўкони масъулларига юқорида номи зикр этилган Қонун тарғиботи олиб борилди. Истеъмолчи ҳуқуқлари ва сотувчи мажбуриятлари тушунтирилди. Натижада телефон аппарати IMEI коди давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари сотувчи томонидан амалга оширилиб, юзага келган муаммо бартараф этилишига эришилди.

Дилобар Дадахонова
Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment