Миннатдор бўлишди
Учкўприк тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, уларни тизимли ҳал қилиш, соҳага оид қонунлар ва қонуности меъёрий ҳужжатлари мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказиш мақсадида тумандаги барча ташкилот, корхона ва муассасаларда учрашувлар, давра суҳбатлари, ўқув семинарлар ўтказиб келмоқдалар. Натижада фуқаролар томонидан оғзаки ва ёзма мурожаатлар қилиниб, муаммоларига ўз вақтида ечим топмоқда.
Тумандаги Мирзахўжа қишлоғилик фуқаро Р. Тагиров ҳам маҳалласидаги ичимлик суви таъминотидаги етишмовчиликлар бўйича жамиятга ёзма ариза билан мурожаат қилди. Унинг мурожаати жамият ва “Фарғона сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти туман бўлими мутахассислари иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилди.
Ўрганув давомида тумандаги Гул қишлоғида жойлашган ичимлик суви иншоотидан Мирзахўжа қишлоғидаги маҳаллаларга ичимлик суви етказиб берилиши, мавжуд ичимлик сув қудуғига янги ЭЦВ-8-40-90 маркали ичимлик суви насоси ўрнатилганлиги, Мирзахўжа қишлоғи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 120 метрли ВПП кабели ҳамда ичимлик суви минораси ишга туширилиб, 35 метрли сув кўтариш трубаси сув қудуғига ўрнатилганлиги, ушбу қудуқдан барча хонадонларга тоза ичимлик суви тармоғи киритилганлиги аниқланди. Кўчага ўрнатилган ичимлик суви нуқталаридан аҳоли фойдаланмаганлиги ва ушбу сувга беркитиш жўмраклари ўрнатилмаганлиги сабабли исрофгарчиликнинг олдини олиш ҳамда аҳоли хонадонларидаги сув босимини кучайтириш мақсадида “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ туман бўлими чилангарлари томонидан беркитилганлиги маълум бўлди.
Мурожаатлари ижобий ечим топганидан хурсанд бўлган мирзахўжаликлар соҳа ходимларига ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Наргизахон ШЕРАЛИЕВА
Учкўприк тумани ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment