Деҳқон бозорларида сотилаётган маҳсулотлар талабга жавоб берадими?

Деҳқон бозорларида сотилаётган маҳсулотлар талабга жавоб берадими?

Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5430-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сонли қарорларидан келиб чиққан ҳолда, вилоят ҳудудидаги Деҳқон бозорларида Ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари (қуйида “ВСЭ лабораторияси” деб юритилади) фаолияти йўлга қўйилганлиги, уларнинг моддий-техник таъминланганлиги, ВСЭ лабораториялари томонидан бозор ҳудудларида сотилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари, балиқ маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар ҳамда полиз маҳсулотларини сотишга тегишли рухсатномалар берилиши ҳолатларини жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш ишлари доирасида бир қатор қонунбузилиши ҳолатлари қайд этилди. Хусусан, Фарғона шаҳри “Марказий Деҳқон бозори” АЖ ВСЭ лабораторияси 2018 йилнинг 19 октябрь куни стандартлаштириш идораси томонидан берилган 53-сонли аттестация хулосаси билан иш юритмоқда. Аттестация хулосасининг муддати 2019 йилнинг 19 октябрь куни ўтиб бўлган.
Шунингдек, ушбу ВСЭ лабораториясидаги техник ускуналардан айримлари навбатдаги давлат қиёсловидан ўтказилмасдан ишлатилмоқда. Жумладан, электрон тарози учун берилган қиёслов сертификати шу йилнинг 28 февраль куни, Лактан 1- 4 М ускунаси, СЭОКС мосламаси ва суюқлик анализатори мосламаларининг қиёслов сертификатлари эса шу йилнинг 10 март куни муддати тугаганлиги кузатилди. Ушбу ҳолатлар Фарғона туманидаги (электрон ВК-300 назорат тарози давлат қиёслов кўриги муддати 2020 йил 19 апрель куни ўтган) ҳамда Бешариқ туманидаги (Нитрат тестер “SOEKS” сертификатни амал қилиш муддати 03.03.2021 йилда тугаган) ВСЭ лабораторияларида ҳам кузатилди. Фарғона тумани (Чимён ва Миндон Деҳқон бозорларига хизмат кўрсатувчи) ВСЭ лабораторияси масъул ходими томонидан техник асбоб ускуналарнинг қиёслов кўригидан ўтганлигини тасдиқловчи сертификатларни кўрсата олмаган. Юқоридаги ҳолатлар амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддаси талабларини бузилиши ҳисобланади.
Фарғона шаҳри ва Риштон тумани ВСЭ лабораторияларига кириш қисмини истеъмолчиларга кўринарли жойига ташкилот номи, жойлашган (юридик) манзили ва иш тартибини кўрсатувчи пешлавҳалар қўйилмаган бўлса, Фарғона тумани (Чимён ва Миндон Деҳқон бозорларига хизмат кўрсатувчи лаборатория) ва Бувайда тумани ВСЭ лабораторияларида иш тартиби тўғрисида маълумотлар қўйилмаган. Ушбу ҳолатлар амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида кўрсатилган талабларнинг тўлақонли ижроси таъминланмаганлигини кўрсатади.
ВСЭ лабораторияларида кўрсатиладиган хизматларнинг пулли асосларда ёки бепул амалга оширилиши бўйича маълумотлар қўйилмаган.
Риштон туманида Марказий Деҳқон бозорининг қурилиш ишлари якунига етмаганлиги сабабли ВСЭ лабораторияси ходимлари учун алоҳида бино ва хоналар ташкил қилинмаганлиги, бозор ҳудудида сотилаётган маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш учун туман СЭОЖСХга олиб борилаётганлиги кузатилган.
Айрим бозорлардаги ВСЭ лабораториялари, хусусан Бувайда туман Деҳқон бозоридаги ВСЭ лабораторияси томонидан бозор ҳудудида сотилаётган бир неча турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун битта хулоса (“мева-сабзавотлар” шаклида) ёзиб берилганлиги ҳолати кузатилди. Ушбу ҳолат сотувчига битта хулоса билан экспертизадан ўтмаган бир неча маҳсулотларни қўшиб сотиш имкониятини яратиб беради.
Шунинг билан биргаликда, Деҳқон бозорларида ўтказилган ўрганишлар доирасида сотувчилар томонидан ишлатилаётган бозор маъмуриятига тегишли ҳамда шахсий тарозиларнинг аксарияти навбатдаги давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаганлиги ёхуд айрим шахсий тарозиларнинг умуман давлат қиёслов кўригидан ўтказилмасдан фойдаланилаётганлиги ҳолатларига ҳам дуч келинди.
Ўтказилган ўрганиш якунлари бўйича жамлама маълумотнома тегишли чора-тадбирларни кўрилиши учун мазкур соҳа бўйича масъул идораларга юборилди.
Отабек Миллабоев
Ҳудудий бирлашма мониторинг сектори бошлиғи

Post Comment