Халқимизга оз бўлсада ёрдамимиз тегаётганлигидан хурсандмиз
Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти масъуллари томонидан ҳудуддаги ташкилот, корхона ва муассасаларда соҳага оид қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш, аҳолининг истеъмол маданиятини оширишга қаратилган маърифий тадбирларни ўтказиш, тадбирлар доирасида аҳоли вакилларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтариб бориш баробарида қўшимча ўрганишни талаб қиладиган мурожаатлар ҳам қайд қилиб борилмоқда. Мазкур мурожаатлар эса қонунларда белгиланган тартиб ва муддатларда ўрганиб чиқилиб, фуқароларга амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Шундай мурожаатлардан бири туман фуқароси Асрорбек Йўлчиев (фамилия исми ўзгартириб берилмоқда) томонидан берилган ва тегишли тартибда ўрганиб чиқилган. Истеъмолчи мурожаатида 3 ой олдин туманимиздаги савдо дўконларидан биридан телевизори учун 300 000 сўмга тюнер сотиб олганлигини, сотиб олинган яп-янги тюнер учинчи куниёқ ишламай қолганлигини маълум қилганди. Истеъмолчи бизга мурожаат қилишдан олдин ушбу масалада савдо дўконига мурожаат ҳам қилган, савдо дўкони ходими эса тюнер учун сервис хизмати кўрсатилмаслигини, шунингдек у нуқсонли товарни бошқасига алмаштириб бера олмаслигини ҳам айтган.
– Мен савдо дўкони ходимининг ушбу муомаласидан норози бўлиб қаерга мурожаат қилишни билмай турганимда “Ўзбекистон” телеканали орқали намойиш этилган “Муносабат” кўрсатуви, “Тоҳир-Бағдод” телевидениеси орқали берилган видеороликларни кўриб қолдим ва менга ёрдам берадиган ташкилот шу экан дея, сизларга ёрдам сўраб келдим, – деган эди фуқаро биз билан суҳбатда.
Унинг мурожаати юзасидан туман жамиятимиз мутахассислари Ж. Қўзиев ва О. Собировлар савдо дўкони раҳбари билан учрашдилар ва унга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни тегишли моддалари бўйича тушунтиришлар беришлари натижасида истеъмолчини сарсон қилиб кеалётган муаммога ўша жойнинг ўзида ечим топилиб, носоз тюнер бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилган.
Яна шундай истеъмолчилардан бири ўтказилган тадбирдан сўнг туман жамиятимизга қўнғироқ қилди.
– Мени мурожаатим “Тоза ҳудуд”дан, – деди ўзини И. Марасулова деб таништирган аёл. – Биз йил бошида тумандаги “Тоза ҳудуд” ДУК билан шартнома имзолаганмиз. Шартнома шартларига кўра корхона махсус транспорти ҳафтада бир маротаба маҳалламизга келиб қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кетиши, биз эса белгиланган суммани ўз вақтида тўлаб боришимиз кўрсатиб ўтилган. Тўловларни ўз вақтида тўлашимизга қарамай корхонанинг махсус транспорти белгиланган вақтда келмасдан, 1-1,5 ойда бир келиб, камига бир қопдан кўп чиқинди олмаймиз, дейишяпти. Шу масалага ойдинлик киритиб берсаларинг.
Истеъмолчи мурожаати асосида туман “Тоза ҳудуд” ДУК масъуллари билан боғланиб, улар билан амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари, шунингдек шартнома муносабатлари бўйича музокаралар олиб борилди. Натижада мурожаатда кўтарилган масалани ижобий ҳал қилинишига эришилди.
Фаолиятимиздан яна бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин, албатта. Биз учун энг асосийси, тизимда олиб бораётган фаолиятимиздан халқимизга оз бўлсада фойдамиз тегаётганлигидир.
Наргизахон Шералиева
Учкўприк туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment