Яна қурилиш билан боғлиқ муаммолар ҳақида
Наманган вилояти Чортоқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан тумандаги “А.Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро М.Ж нинг мурожаати ўрганилди.
Мурожаатда фуқаро Чортоқ туман “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Rezanans business pluss” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирини сотиб олиш учун бошланғич тўлов сифатида 25 125 000 сўм пул маблағи тўлаганлигини, бироқ қуриб битказилган уй нархи шартномада белгиланган суммадан ошиб кетгани сабабли бошланғич тўлов учун тўланган пул маблағини қайтариб олинишида амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат туман жамияти мутахасислари томонидан ўрганилиши натижасида фуқаронинг бошланғич тўлов учун тўлаган пул маблағини ўзига қайтарилишига эришилди.
Тумандаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Г.Исмоилованинг мурожаати ҳам янги қурилаётган уйлар билан боғлиқ бўлиб, ушбу мурожаатда фуқаро туманнинг “Саркор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига қурилаётган кўп қаватли уй шартномада кўрсатилган муддатда қуриб битказилмаганлиги сабабли, ана шу уйдаги хонадонлардан бирини олиш учун тўлаган 28 000 000 сўм пул маблағини қайтариб олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Туман жамияти мазкур мурожаат бўйича тайёрланган ҳужжатлар жамламасини илова қилган ҳолда Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритди. Ишни судда кўрилиши натижаларига кўра, қурувчи «Наманган Барака Қурилиш Таъмир» МЧЖдан фуқаро Г.Исмоилова фойдасига 28 000 000 моддий ҳамда 500 000 сўм маънавий зарар, жами 28 500 000 сўм ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилди.
Болтабоев Мақсаджон
Чортоқ туман жамияти раиси
Post Comment