Қонун талаби ижроси таъминланди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига Тошлоқ туман Чек маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ш. Давлатовдан мурожаат келиб тушди. Унда таъкидланишича, фуқаро туман ҳудудида фаолият олиб бораётган “ASR MARKET” кредит савдо дўконидан ROISON русумли газ плитасини сотиб олган. Аммо ушбу маиший техника кафолат муддати ичидаёқ носоз ҳолатга келиб қолган.
Бу ҳақида истеъмолчи савдо маркази ходимларига бир неча маротаба хабар бериб, газ плитасини сервис хизмати орқали таъмирлатиб беришларини сўрашига қарамай узоқ вақт мобайнида унинг талаби қондирилмай келган. Шу боисдан бу муамм06ога ечим топиш ва газ плитасини таъмирлатиш масаласида амалий ёрдам сўраб Федерацияга ўз мурожаатини йўллашга мажбур бўлган.
Мурожаат тегишлилиги бўйича Тошлоқ туман жамияти мутахассислари томонидан “ASR MARKET” кредит савдо дўкони мутасаддилари билан ҳамкорликда ўрганилди. Ўрганув ишлари давомида истеъмолчи Ш. Давлатов томонидан сотиб олинган газ плитаси ҳақиқатан ҳам кафолат муддати даврида носоз ҳолатга келганлиги, савдо маркази ходимлари эса истеъмолчининг қонуний талабларига қулоқ тутмай келаётганлиги аён бўлди.
Туман жамияти мутахассисларининг сайъ-ҳаракатлари билан мурожаатчининг талаби қондирилиб, носоз техника таъмирлатиб берилди. Савдо маркази ходимларига эса Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунлари талаблари юзасидан тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ҳуснидахон Якубова
Тошлоқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment