Қўшма сессия бўлиб ўтди
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қўшма сессиясида жиноятчиликка қарши кураш борасидаги вилоятдаги ҳолат танқидий муҳокама қилинди
Бугун вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қўшма сессияси бўлиб ўтди.
Вилоятда қонунчилик ҳолати ва жиноятчиликка қарши кураш борасида 2021 йилда амалга оширилган ишлар ва 2022 йилда кўриладиган чора-тадбирлар видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган сессиянинг асосий кун тартибини ташкил этди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 2021 йил мобайнида вилоятда содир этилган жиноятлар ҳамда жиноятчиликни олдини олиш борасида режалаштирилаётган ишлар юзасидан таҳлилий-танқидий нутқ сўзлади.
Сўнгги йилларда жиноятчиликни олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида яратилаётган қўшимча имкониятлар, кенг шароитларга қарамасдан, 2021 йил давомида вилоят ҳудудида содир этилган жиноятлар 2020 йилга нисбатан ошганини қайд этган вилоят раҳбари, ўғирлик, фирибгарлик, транспорт воситасини олиб қочиш ҳамда оғир тан жароҳатлари етказиш каби жиноятлар кўплаб содир этилганига сессия иштирокчилари эътиборини қаратди.
Вилоятда содир этилган жиноятларнинг деярли ярми Фарғона ва Қўқон шаҳарларига тўғри келаётгани ушбу шаҳарлар ИИБ раҳбарлари ҳамда маҳалла тизими мутасаддилари томонидан жамоатчилик билан ҳамкорликда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган аниқ ва мақсадли профилактик тадбирлар ташкил этилмаганлиги оқибатида келиб чиққани қайд этилди. Шунингдек, Марғилон ва Қувасой шаҳарларида ҳам ҳар юз минг нафар фуқарога содир этилган жиноят сони вилоят кўрсаткичидан юқори бўлгани маълум қилинди.
Жойларда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ишлар тўғри ташкил этилмаганлиги натижасида вилоятдаги жами 1055 та маҳалланинг 991 тасида ёки 94 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилгани кескин танқид қилинди.
Вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳам жиноят содир этиш ҳолатлари ўсиб бораётгани, 2021 йил давомида жиноятда иштирок этган мактаб ўқувчиларининг сони 700 нафардан ортгани вилоят раҳбари томонидан қаттиқ танқид остига олинди.
Вилоят ҳокимининг, иккитадан ортиқ жиноят содир этилган мактаблар директорларини, шунингдек жиноят сони кўп қайд этилган маҳалла раислари ҳамда профилактика инспекторларини жиноятчиликни олдини олиш борасида етарли иш ташкил қилмаганлиги учун вазифасидан олиш механизмини йўлга қўйиш бўйича таклифи депутатлар томонидан маъқулланди.
Хайрулло Бозоров, бундан буён жиноятчиликни олдини олиш бўйича янгича ёндашувда иш ташкил қилинишини, вилоятдаги жиноятга мойиллиги бор ҳамда ночор оилаларнинг ҳар бирига вилоят, шаҳар ва туман даражасидаги раҳбарлардан бири доимий бириктириб қўйилиши, улар бу оилаларининг моддий аҳволини ва маънавий муҳитини яхшилашга шахсан жавобгар бўлишини, ушбу оилаларда жиноят содир этиладиган бўлса, бириктирилган масъулга ҳам вазифасидан озод қилишгача бўлган интизомий чора қўлланилишини маълум қилди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аваз Ўринбоев ва вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшид Мухторов муқаддам судланганлар билан бирма бир ишлаш, уларнинг доимий бандлигини ҳамда даромад манбасига эга бўлишини таъминлаш бўйича масъул этиб белгиландилар.
Криминоген вазият бўйича “қизил” тоифага киритилган 361 та маҳаллада депутатлар кўчама кўча аҳоли билан учрашиб, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича муҳокама ўтказишлари белгилаб берилди.
Ҳар ой жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар бўйича вилоят муҳокама йиғилиши ўтказилиши, энг яхши натижаларга эришган маҳалла раислари, профилактика инспекторлари ҳамда ИИБ вакиллари рағбатлантирилиши, салбий кўрсаткичлар қайд этганларга жазо чоралалари қўлланилишига келишиб олинди.
Сессияда вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи Дониёр Тошхўжаевнинг кун тартибидаги масала юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Муҳокамаларда депутатлар вилоятда жиноятчиликни камайтириш ҳамда олдини олиш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.
Сессияда кўриб чиқилган масала юзасидан Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг тегишли қўшма қарори қабул қилинди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Суратларни Муқимжон Қодиров олган
Post Comment