Маиший буюмни ишлатишда у қандай мақсадлар учун мўлжалланганлигига алоҳида эътибор қаратиш зарур
Истеъмолчи Д.А. Фарғона шаҳри марказидаги “К.” дўконидан сотиб олган миксерни носозлиги юзасидан Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилган. Савдо дўкони масъулларининг иддаосига кўра, ушбу носозлик истеъмолчи томонидан маиший буюмнинг тухум кўпиртиришга мўлжалланган қўшимча қурилмасидан хамир қоришда фойдаланганлиги натижасида келиб чиққан.
Ушбу ҳолат мурожаатни савдо дўкони ходими С.М. иштирокида ўрганиш жараёнида маълум бўлди. Олди-сотди жараёнида миксер истеъмолчига бир йиллик кафолат муддати билан, 1 139 000 (бир миллион бир юз ўттиз тўққиз минг) сўмга реализация қилинган. Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига кўра, бу истеъмолчига сотиб олинган товарнинг ушбу муддат мобайнида нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) ишлаб чиқарувчи томонидан таъминлаб берилиши кафолатини беради.
Бироқ истеъмолчи ушбу ҳуқуқдан тўлақонли фойдалана олиши учун юзага келган нуқсон истеъмолчига боғлиқ бўлмаган ҳолда юзага келган бўлиши ёки унинг товардан нотўғри фойдаланиши натижасида келиб чиққан бўлмаслиги талаб этилади. Лекин амалдаги қонуннинг 6-моддасига кўра истеъмолчининг товардан тўғри фойдаланиши учун, у товар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот билан таъминланиши, жумладан товардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳамда шартлари билан таништирилиши лозим.
Агар истеъмолчига товар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилган бўлса (қонуннинг 7-моддаси), истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли бўлади.
Шунинг билан биргаликда, қонуннинг 8-моддасига асосан, сотувчи (ишлаб чиқарувчи)да олди-сотди жараёнида товарни ишлатиб кўрсатиш, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиш бўйича мажбурият ҳам бор.
Истеъмолчи Д.А.нинг мурожаатини ўрганиш жараёнида сотувчи истеъмолчининг қонуннинг 6 ва 8-моддаларидаги ҳуқуқларидан тўлақонли фойдалана олишини таъминлаб бермаган, натижада унинг қонуннинг 7-моддасидаги ҳуқуқлари вужудга келган, деган хулосага келиниб, сотувчига ушбу ҳолатлар юзасидан тушунтиришлар берилди. Бунинг натижасида сотувчи ўрганув кунининг ўзида миксернинг қўшимча қурилмасини ўз ҳисобидан таъмирлатиб, ишга соз ҳолатга келтириб берди.
Фахриддин Бойназаров
Ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи
Post Comment