Истеъмолчининг тўлақонли маълумот олиш ҳуқуқи таъминлаб берилмаслиги келгусида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқараверади
Бағдод туман истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Самарқанд қишлоғида яшовчи Қ. Ғозиевдан мурожаат келиб тушганди. Мурожаатда истеъмолчи бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган сув пуркагичда нуқсон чиққанлиги, сотувчи эса нуқсонли товарни бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб бермаётганлиги маълум қилинади.
Ўрганишда маълум бўлишича, Қ.Ғозиев туман ҳудудида фаолият олиб бораётган “ISHONCH” савдо марказидан RTRMAX RTM 709 юқори босимли сув пуркагични 1704584 (бир миллион етти юзи тўрт минг беш юзи саксон тўрт) сўмга, товар нархини бир йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилган. Товардан фойдаланиш жараёнида унда нуқсонлар кузатилгач, савдо марказига уни бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириш масаласида мурожаат қилган, лекин савдо маркази масъуллари нуқсонли товар алмаштирилмаслиги, балки сервис марказида таъмирланиши юзасидан тушунтириш бериш билан масалани ҳал қилишга уринганлар.
Ҳақиқатан ҳам сотувчилар юқоридаги каби ҳолатлар юзага келганда: “Товарни мен ишлаб чиқармаганманку, ана сервис марказига боринг?”, – дейиш билан масалани ҳал қилдик, деб ҳисоблашади. Натижада кичкинагина муаммо катталашиб бораверади.
Агар сотувчи қонун бўйича ўзининг ҳуқуқларини яхши билса, мажбуриятлари борлигини ҳам унутмаслиги керак. Айнан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида сотувчи истеъмолчига товарлар савдоси, маиший ва бошқа турдаги хизмат кўрсатишнинг қоидалари тўғрисида тўлиқ маълумот бериши шартлиги, 6-моддасида эса товар(лар) ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгилаб қўйилган. Товар ҳақидаги маълумот ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ҳамда улар истеъмолчидан даъво қабул қилишга ваколат берган, шунингдек, таъмирлашларини бажарадиган ва техникавий хизмат кўрсатадиган корхоналарнинг манзиллари тўғрисида берилиши шарт бўлган маълумотларни ҳам ўз ичига олади. Бироқ кундалик турмуш жараёнидаги олди-сотдида сотувчи маҳсулотини тезроқ сотишга интилганидек, харидор ҳам ўзи томонидан харид қилинган янги товарни тезроқ уйига элтиб, ундан кўзда тутилган мақсадларда фойдаланишга шошилади. Натижада бундай ҳолатларда бажарилиши лозим бўлган ишлар кетма-кетлиги ё чалкашиб кетади ёки умуман бажарилмасдан қолади. Лекин сотувчи, ҳар қандай шароитда ҳам, ўзига юклатилган мажбуриятларни тўлақонли бажаришга интилиши керак. Бу эса келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган кўп муаммо ва тушунмовчиликларни олдини олади.
Энди юқоридаги мурожаатни ўрганиш ишларига қайтсак. Қонуннинг 13-моддаси биринчи қисмида “агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса”, деган жумла бор. Сотувчининг амалдаги қонун 5 ва 6-моддаларининг юқорида санаб ўтилган талаблари бажарилмаган ёки тўлақонли бажарилмаган ҳолатлар эса, бирор муаммо ёки низоли ҳолат келиб чиққан ҳолатларда, ушбу ҳолатга қонуний ечим топилишида уни айнан “агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса”, деган норма билан кўриб чиқилишига сабаб бўлади. Натижада истеъмолчида, айрим процедураларни четлаб ўтиб, тўғридан-тўғри 13-модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган 5 та ҳуқуқни рўёбга чиқара олиш имконияти вужудга келади. Булардан бири эса сотувчига товарни алмаштириш талабини қўйилишидир.
Энди ушбу ҳолат юза келганда, сотувчига нуқсонли товарни истеъмолчидан қабул қилиб олиб, уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериш мажбурияти юклатилади. Агар ушбу мажбурият ўз муддатларида бажарилмаса, сотувчи ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлашига олиб келади.
Истеъмолчи Қ.Ғозиевнинг мурожаатини ўрганиш жараёнида қонун талаблари юзасидан берилган шу каби тушунтиришлар натижасида, нуқсонли товар истеъмолчидан қайтариб олиниб, ўрнига худди шу русумдаги, мақбул сифатдаги бошқа юқори босимли сув пуркагич етказиб берилишига эришилди.
Дилором Мирзаева
Бағдод туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment