Кўрсаткичлари бўйича “қизил”дан “яшил”гача бўлган даражани эгаллаган таълим муассасалари таҳлил қилинди

Кўрсаткичлари бўйича “қизил”дан “яшил”гача бўлган даражани эгаллаган таълим муассасалари таҳлил қилинди

Бугун Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасида бошқарма бошлиғи Шерзоджон Долимов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ўз битирувчиларининг тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, олий таълим муассасаларига ўқишга кириши кўрсаткичлари бўйича турли ранг даражаларига ажратилган умумтаълим мактаблари бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан тадбир иштирокчиларига атрофлича маълумотлар бериб ўтилди.

 

Бошқарма бошлиғига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2021 йил 17 октябрдаги 08-3018-сон топшириғи ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 22 октябрдаги 02-02/2-2875-сонли хатига асосан, Давлат тест маркази маълумотлари асосида 2020-2021-ўқув йили мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига қабул жараёнида ўтказилган тест синови натижалари бўйича билим самарадорлиги (ўртача балл)ни таҳлил қилган ҳолда тўқ қизил, қизил, сариқ, яшил мактабларга ажратилган.

Хусусан вилоятимизнинг тест синовида ўқувчилари ўртача балли 56,6 дан паст бўлган 14 та мактаби “тўқ қизил” мактаб деб топилган. Булар Фарғона туманидаги 4 та, Марғилон шаҳридаги 3 та, Тошлоқ туманидаги 2 та, Бағдод, Олтиариқ, Риштон, Сўх ва Фурқат туманларидаги 1 тадан мактаблардир. Бугунги кунда ушбу мактабларни “сариқ” ва “яшил” тоифага олиб чиқиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, уларга амалий ва услубий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Битирувчилари сони бўйича Фарғона ва Қўқон шаҳарларидан сўнг 3-ўринда, тест синовида қатнашганлар сони бўйича эса 10-ўринда бўлган Бувайда тумани битирувчилари томонидан олинган балларнинг ўртача кўрсаткичлари (89,93 балл) бўйича вилоятимизда биринчи ўринни қайд қилган. Кейинги ўринларда мос равишда Бағдод (85,81 балл) ва Риштон (85,34 балл) туманлари.

Битирувчиларининг тест синовларидаги ўртача балли 94,5 дан юқори бўлган мактаблар сони Бувайда туманида 18 тани (тумандаги жами мактабларга нисбатан 33%), Риштон туманида эса 15 тани (жамига нисбатан 24%) ташкил қилиб, уларнинг кўрсаткичлари вилоят кўрсаткичидан анчагина юқори. Лекин Қувасой шаҳридаги мактабларнинг 85 %, Сўх туманидаги 62 %, Марғилон шаҳрида эса 59 % битирувчилари олий таълим таълим даргоҳларига кириш учун тест синовларида қатнашган бўлсада, ушбу ҳудудларда алоҳида олинган ҳеч бир мактаб битирувчиларнинг ўртача балли 94,5 ва ундан юқори бўлган кўрсаткични қайд қила олмаган.

2020-2021 ўқув йили якунларига кўра, битирувчилари олий таълимда ўқиш иштиёқи баланд бўлган 3 та энг етакчи ҳудудлар сифатида Қувасой шаҳри (битирувчиларнинг 85%и), Фурқат тумани (82%и), Фарғона туманини (80%) кўрсатиш мумкин. Қолган ҳудудларда иштиёқ кўрсаткичи 56 %дан 79 % гача бўлган диапазонда.

Матбуот анжумани доирасида, бошқарма мутасаддилари томонидан, юзага келган ҳолатни яхшилаш мақсадида танлаб олинган мактабларда турли ўқув семинарлар ташкил қилиниб, уларга амалий ва услубий ёрдамлар кўрсатилаётганлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 2022 йил 9 мартдаги 84-02-606-сонли хатига асосан, улар билан ҳамкорликда апробация тестлари ўтказилаётганлиги, шунингдек Ташхис маркази билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган битирувчилар сони энг кам бўлган умумтаълим муассасалари битирувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирокида давра суҳбатлари ўтказилиб, фарзандларининг келажакда эгалламоқчи бўлган касблари ёки олий таълим муассасаларига йўналтириш мақсадида кенг тарғибот ишлари олиб борилаётганлиги айтиб ўтилди.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати

Post Comment