Истеъмолчига ҳисобланган қарздорлик асоссиз бўлиб чиқди
Ўзбекистон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Яйпан маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Н.С. нинг ичимлик суви таъминотида юзага келаётган қарздорликлардан норози бўлиб ёзган аризаси ўрганилди. Ўрганиш натижалари ичимлик суви истеъмолчисига ҳисобланган 766 000 (етти юз олтмиш олти минг) сўм қарздорликнинг асоссизлигини кўрсатди.
Мурожаат эгасига кўра, у истиқомат қиладиган кўчада ичимлик суви тармоғи йўқ. Шу сабабли Н.С. 22 йилдирки, тоза ичимлик сувини 2-3 километр узоқликдан ташиб келади. ”Фарғона сув таъминот” МЧЖнинг Ўзбекистон туман бўлими билан ичимлик сувини етказиб бериш бўйича икки томонлама шартнома ҳам тузилмаган. Лекин шундай бўлсада, ичимлик сувини етказиб берувчи корхона томонидан унинг хонадонига нисбатан қарздорлик ҳисобланган.
Мурожаатни ичимлик сувини етказиб берувчи корхона масъуллари билан ҳамкорликда ўрганиш жараёнида истеъмолчининг важлари асосли эканлиги, унинг хонадонига ҳисобланган қарздорлик эса корхона мижозлари компьютер базасига нотўғри маълумот киритилиши оқибатида келиб чиққанлиги маълум бўлди. Ўрганиш якунлари билан истеъмолчига нисбатан ҳисобланган “қарздорлик” компьютер базасидан чиқарилиб, унинг зиммасидан соқит қилинадиган бўлди.
Исомиддин Аббасов
Ўзбекистон тумани ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment