Ўзбекистон туманида алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болаларга билим бериш ишларини жорий ҳолати ўрганилмоқда

Ўзбекистон туманида алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болаларга билим бериш ишларини жорий ҳолати ўрганилмоқда

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини ижросини ўрганиш юзасидан Федерация топшириғи асосида Ўзбекистон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ҳам ўрганиш ишлари ўтказилмоқда. Шу кунга қадар туман жамияти мутахассислари бир нечта умумтаълим мактабларида бўлиб, мазкур таълим муассасалари қарамоғидаги бир неча болажонларнинг таълим олиш шароитлари билан танишдилар.

Маълумки, Ҳукуматимизнинг 12.10.2021 йилдаги 638-сонли қарори билан тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, алоҳида таълим олиш эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун, уларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, давлат умумтаълим мактабларида, давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, санаторий туридаги давлат ихтисослаштирилган муассасаларида ҳамда уйда якка тартибда таълим бериш ишлари олиб борилиши белгиланган. Болага уйда якка тартибда таълим олувчи тоифаси белгиланиши учун унда жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлар мавжуд бўлиши, шунингдек, узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлиши каби жиҳатларга эътибор қаратилади.

Юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабига кўра, мактаб директорлари мактаб жойлашган ҳудудда яшайдиган шундай тоифадаги ўқувчиларни аниқлайдилар, рўйхатга оладилар ҳамда уларни уйда якка тартибда таълим олиш учун жалб қилиш чораларини кўрадилар. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими эса ўқувчининг доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларида фаолият кўрсатаётган тиббий-маслаҳат комиссиясининг тиббий хулосасига асосан ўқувчининг уйда якка тартибда таълим олишини белгилайди.

Ўқувчига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режаси асосида таълим-тарбия берилади. Ўқув режасидаги ҳафталик соатлар миқдори 1 — 4-синфлар учун 8 соат, 5 — 9-синфлар учун 10 соатни, 10-11-синфлар учун 12 соатни ташкил қилади. Дарс жадвали ҳафтасига камида уч кунга мослаб тузилади.

Туманда бу борадаги ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Исомиддин Аббасов
Ўзбекистон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin