Истеъмолчининг қонуний талаби қондирилди
Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан туман прокуратурасининг 24-965м-18-сонли талабномасига асосан Миндонобод МФЙ Мустақиллик шукронаси кўчасида жойлашган янги қурилган кўп қаватли уйда яшовчи М.Алибоеванинг мурожаати ҳамкорликда ўрганиб чиқилди.
Мурожаатда фуқаро хонадонни 2018 йил май ойида қабул қилиб олганлигини, лекин хонадонга ўрнатилган электр сув иситиш (Аристон русумли) мосламаси сифатсизлиги, яъни сув қайнаши жараёнида автоматик равишда ўчиб-ёнишни таъминлаб берувчи қисми бузуқлиги, таъмирлангандан сўнг ҳам талаб даражасида ишламасдан, сув қайнаган вақтда ёрилиб, иссиқ сув мосламадан отилиб кетганлиги, мурожаатларига қарамасдан масъул ташкилот томонидан сув иситиш мосламасини янгисига алмаштириб берилмаётганлигидан норозилигини баён этган.
Мурожаатни ўрганиш мақсадида истеъмолчининг хонадонига ташриф буюриб, унда баён этилган ҳолатлар ўрганиб чиқилди. Мурожаатда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топгандан сўнг, мазкур масала юзасидан “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК раҳбари номига туман жамияти номидан мавжуд сув иситиш мосламасини тўлиқ таъмирлаш ёки янгисига алмаштириш бўйича сўров хати юборилди. “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК масъуллари томонидан беш кунлик муддат ичида истеъмолчи хонадонидаги нуқсонли сув иситгични янги “Vitec” русумидаги сув иситгич билан алмаштириб, ўрнатиб берилди.
Ўрганишлардан сўнг М.Алибоева “Мурожаатим бўйича ўтказилган ўрганишлардан қониқдим, энди ҳеч кимга эътирозим йук, сизларга катта раҳмат” деган мазмундаги миннатдорчилик хатини Фарғона туман жамияти ходимлари қўлларига тутқазди.
Хилолдин Гафуров
Фаргона туман ИҲҲҚ жамияти матбуот ва ахборот бош мутахассиси
(юқорида иллюстратив фото)
Post Comment