Мурожаат ижобий ечим топди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Данғара тумани жамиятига тумандаги умумтаълим мактабларидан бирида рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлаётган истеъмолчи М.Қурбоновадан келиб тушган мурожаат амалдаги қонунлар ва қонуности ҳужжатлари талабларида белгилаб берилган тартибда ўрганиб чиқилди ва ижобий ҳал қилинишига эришилди.
Хусусан, М. Қурбонова ўз мурожаатида Тошкент кўчасида жойлашган маиший техника воситаларини тузатиш устахонаси устаси А.Анваров томонидан тузатиб берилган музлатгич бўйича норозилигини билдирган. Ушбу мурожаат туман жамияти мутахассислари иштирокида ўрганилиши жараёнида мурожаатчи ҳақиқатдан ҳам музлатгични тузатиш учун устага берганлиги, уста музлатгичнинг моторини алмаштириб берганлиги, бунинг учун истеъмолчидан 400 000 (тўрт юз минг) сўм пул маблағини олинганлиги, лекин орадан 9 кун ўтмай музлатгич яна ўз-ўзидан ишламай қолганлиги, истеъмолчи бу ҳақда устага ўз эътирозларини билдирганида унинг томонидан рад жавобини олганлиги ҳолатлари ўз тасдиғини топди. Қарангки, уста музлатгичга янги мотор қўйдим, деб истеъмолда бўлган моторни жойлаб берган экан.
Ўрганишлар давомида устага Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни тарғиботи ўтказилди. Ҳартугул, устага берилган тушунтиришлар кор қилиб, истеъмолчига етказилган 400 000 сўм зарарни қоплаб берилишига эришилди.
Мохигул Юлдашева
Данғара тумани ИҲҲҚ жамияти ҳуқуқий ҳимоя бўйича бош мутахассиси
(юқорида иллюстратив фото)
Post Comment