Бу ерда аниқланмаган чеклов Россияда бўй кўрсатди
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига айтилади, деб белгилаб қўйилган бўлиб, Кодекснинг 104-моддасида шартли битимлар бўйича нормалар кўрсатиб ўтилган. Мазкур модданинг иккинчи қисмида, агар тарафлар ҳуқуқ ва бурчларнинг бекор бўлишини юз бериши ёки бермаслиги номаълум ҳолатга боғлиқ қилиб қўйсалар, бундай битим бекор бўлиш шарти билан тузилган битим ҳисобланади, деган норма мавжуд. Ёзёвон туманида яшовчи фуқаро А.И. Тошлоқ туманидаги авиакассадан чипта харид қилиши жараёнида чипта сотувчиси ва истеъмолчи ўртасида оғзаки шаклда шундай битим тузилган.
Чипта сотувчиси томонидан фуқаронинг Россия Федерациясига киришига чеклов мавжуд ёки мавжуд эмаслиги текширилиб, фуқарода чеклов йўқлиги аниқлангач, истеъмолчи А.И.га Қирғизистон Республикасининг Ош шаҳри орқали Россияга учиш таклиф қилинган. Битимга кўра, истеъмолчи авиачиптани сотиб олиб, Россия Федерациясига учиши, агар у ерга етиб боргач, унда мазкур мамлакат ҳудудига киришни чекловчи қандайдир чеклов мавжуд бўлса ва у ортига қайтадиган бўлса, сотувчи чипта пулини унга қайтаришига шартлашилган.
Бахтга қарши, А.И.да Россияга киришни чекловчи ҳолатлар мавжуд бўлиб чиқиб, у ортига қайтишга мажбур бўлади. Юртга қайтгач эса, тузилган битимни орқа қилиб чипта сотувчисидан ўз ҳаққини талаб қилишни бошлайди. Натижада масала ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилишгача бориб етади.
Масала эса ички ишлар идораси томонидан тегишлилиги бўйича Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига йўналтирилади.
Туман жамияти мутахассислари авиакасса масъуллари билан учрашиб, амалдаги қонунчилик талаблари, унга кўра истеъмолчи ҳуқуқи, сотувчи мажбуриятлари бўйича тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориши натижасида, чипта учун тўланган пулни истеъмолчи А.И.га қайтарилишига эришилди.
Шу ўринда сотувчи ва хизмат кўрсатувчиларга мурожаат қилиб, кундалик фаолиятингиз давомида товарлар сотиш, хизматлар кўрсатиш жараёнларида истеъмолчилар билан ёзма ва оғзаки шаклда битимлар тузишда, яъни содда қилиб айтганда ўз товарингизни ўтказишда ушбу товарни (хизматни) қандай қилиб бўлсада сотиб юборишни кўзлар экансиз, амалдаги қонун ва қоидалар олди-сотди амалга оширилгандан (хизматлар кўрсатилгандан) кейин ҳам зиммангизга муайян мажбуриятларни юклашини унутмасликни сўраб қоламиз. Фуқароларимизнинг ҳуқуқий билимлари кундан-кунга ўсиб бораётганлигини эса эслатиб ўтиришнинг ҳам ҳожати бўлмаса керак.
Орифжон Жалолов
Тошлоқ туман жамияти мутахассиси
Post Comment