Нуқсонли музлатгич мақбул сифатдагисига алмаштирилди
Ўзбекистон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан Фурқат туманилик К.Хуморовнинг ўзи яшаб турган тумандаги “Furqat NIYu ORZU” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дўкондан харид қилинган музлатгични нуқсонли чиққанлиги билан боғлиқ муаммо юзасидан қилган мурожаатлари ҳал бўлмай келаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.
Мурожаат эгасига кўра, у юқоридаги ташкилотга тегишли бўлган савдо дўконидан хонадонида фойдаланиш учун нархи 6 936 000 (олти миллион тўққиз юз ўттиз олти минг) сўм бўлган музлатгични харид килиб фойдаланиши даврида унда нуқсон мавжудлиги юзага чиқади. Маҳсулотнинг нуқсонли чиққанлиги масаласида у ташкилот масъулларига мурожаат килган. Савдо дўкони ходимлари эса ушбу масалада сервис марказига мурожаат қилганликларини, ҳозирча ҳеч қандай натижа бўлмаётганлигини айтиб келганлар.
Мурожаатни ўрганиш даврида савдо дўкони масъулларига амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтиришлар берилди. Хусусан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги конунга кўра, агар истеъмолчига сотилган товарда нуқсон мавжудлиги аниқланса ва истеъмолчи томонидан бундай товарни алмаштириш талаби қўйилса, сотувчи қонуннинг 14-моддасига асосан етти кунлик муддатда уни мақбул сифатдаги товарга алмаштириш чора-тадбирларини кўриши, агар истеъмолчи товардаги нуқсонларни бепул бартараф этилиши талабини қўйган бўлса, сотувчи кафолат муддати ичида аниқланган нуқсонларни 20 кунлик муддатда бепул бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга ошириши лозимлиги, ушбу муддатларни сабабсиз ўтказиб юборилиши эса сотувчидан пеня (неустойка) ундириб олинишига сабаб бўлиши каби ҳолатлар юзасидан атрофлича тушунчалар берилди. Ўтказилган тушунтиришлардан тўғри хулоса чиқарган сотувчи нуқсонли товарни мақбул сифатдаги худди шундай товарга алмаштириб берди.
Исомиддин Аббосов
Ўзбекистон туман жамияти мутахасиси
(иллюстратив фото)
Post Comment