Дорилиги даъво қилинган ҳар қандай восита шифокор маслаҳати билан истеъмол қилиниши ўринлидир
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари Оҳангарон кўчасида яшовчи З.Низомованинг ўзи томонидан харид қилинган малҳамни соғлигига салбий таъсир кўрсатганлиги ва малҳам учун тўланган пулни қайтарилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб ёзган аризасини ўрганиб чиқдилар.
Мурожаатчига кўра, у Ф. исмли таниши билан телефонда суҳбат жараёнида унинг “Global trend” компанияси тизимида ишлаётганлигини, уларга минг дардга даво “Vitality lux” ва “Perfecto lux” малҳам (бальзам)лари сотувга келганлигини эшитади. Ўз ўрнида Ф. унга ҳам бальзамдан сотиб олиб, истеъмол қилишни тавсия қилади. Эртаси куни компания вакиллари иш олиб бораётган жойга бориб, 700 минг сўмга икки хил номдаги сироп кўринишидаги бальзамдан харид қилади. Сотувчилар унга бальзамни қандай истеъмол қилиш ва сақлашни тушунтирадилар.
Тушунтириш бўйича малҳамни ичиб бораётган истеъмолчи 15 кунга борганда ўзида унинг салбий таъсирларларини сеза бошлайди. Хусусан, ҳолсизлик, қувватсизлик, қўл ва оёқ қалтираши, кўз нури пасайиши, узлуксиз уйқуга мойиллик ва бошқа белгиларни ўзида ҳис қила бошлагач, компания вакилларига қўнғироқ қилиб, ўзини безовталигига сабаб бўлаётган ҳолатларни тушунтиради. Лекин улар ўзи шунақа бўлишини, хавотир олмасдан бальзамни истеъмол қилишда давом этишни маслаҳат берадилар. Шундан сўнг уни яна истеъмол қилишда давом этган фуқаро иккинчи ой ўрталарига борганда зўрға ҳаракат қилиш даражасигача тушиб қолган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида мазкур компания масъулларига учрашилиб, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари ўтказилди. Унинг якунларига кўра эса, истеъмолчи З.Низомовага бальзам учун тўлаган 700 минг сўм пулини қайтарилишига эришилди.
Азаматжон Бабаев
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment