Намунали мижозга муносабат шуми?

Намунали мижозга муносабат шуми?

Марғилон шаҳридаги кредит савдо дўконларининг биридан Ф. М. исмли мижозга телефон қилишиб, у намунали мижозлиги, тўловларни ўз вақтида тўлаб келганлиги сабабли бонус берилиши, дўконга келиб истаган маҳсулотини имтиёзли равишда харид қилиши таклиф қилинган. Таклиф мижоз томонидан қабул қилиниб, дўкондан янги кредит шартномаси асосида 3 млн 900 минг сўмга мебел харид қилинган.

Истеъмолчининг таъкидлашича, шартномани имзолаш чоғида мижоз дўкон масъулларидан агар иложи бўлса шартномани икки йиллик муддатга тузиш, яъни мебел қийматини икки йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида таклиф берган, лекин дўкон масъуллари бунинг иложи йўқлигини, шартнома бир йиллик муддатга тузилишини айтишиб, унинг қўлига бир йил давомидаги тўловлар жадвалини тутқазадилар.

Лекин кейинчалик жадвал асосида тўловларни тўлаб бораётган мижозга телефон қилган сотувчи вакили кредитдан қолдиқ борлиги ва уни тўлаб қўйиши лозимлигини айтади. Ҳолатга аниқлик киритиш учун келган мижозга эса шартнома базага икки йиллик қилиб киритилганлиги, шунинг учун ҳам ойлик тўловлар суммаси бироз юқорироқ бўлиши маълум қилинган. Унга тақдим қилинган ҳисоб-китобларга кўра, у бир йил давомида 3 млн 900 минг сўмни эмас, аксинча 2 йил давомида 6 млн 800 сўмни бўлиб-бўлиб тўлаб бериши лозимлиги аён бўлгач, истеъмолчи шартномани бекор қилишларини, товарни қайтариб олишларини ва амалга оширган тўлов суммаларини эса қайтаришларини сўрайди. Бироқ талаби қондирилмагач, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатишларини сўраб, Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.

Қонунга кўра, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Агар товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилган бўлса ҳамда ушбу ҳолат истеъмолчининг мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлса (бизнинг ҳолатимизда тўловларни кўпроқ тўланиши лозимлиги аён бўлиб қолиши натижасида) истеъмолчи қонунчиликда белгиланган талабларни қўйишга ҳақли бўлади.

Мурожаатни шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганиш жараёнида сотувчининг масъул вакилларига амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли бандлари бўйича тушунтиришлар олиб борилди. Ўрганишлар натижаси билан эса, шартнома бекор қилиниб, товар сотувчига, амалга оширилган тўловлар суммасини эса истеъмолчига қайтарилишига эришилди.

Саидхон Хапизов

Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment