Қонунчиликда нуқсонли товар ва мақбул сифатдаги товар билан муомала борасида бошқа-бошқа нормалар қўлланилади

Қонунчиликда нуқсонли товар ва мақбул сифатдаги товар билан муомала борасида бошқа-бошқа нормалар қўлланилади

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан истеъмолчи А.И.нинг мурожаатини ўрганиб чиқишда қонун нормаларини нотўғри талқин қилиниши натижасида юзага келган тушунмовчилик бартараф қилинди.

Шаҳар жамиятига мурожаат қилган истеъмолчи савдо дўконларидан биридан сотиб олган пижамада нуқсон аниқлангани, лекин сотувчи томонидан нуқсонли товарни алмаштириб бериш ишлари пайсалга солинаётганлигини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, сотувчи унга товарни алмаштириш ёки пулини қайтариб олишга орадан 17 кун ўтиб, яъни қонунда белгиланган 10 кун муддат ўтиб бўлгандан сўнг олиб келганини ҳам важ қилиб кўрсатган.

Маълум бўлишича, пижамани дўкондан харид қилиб олган истеъмолчи ўша куни сафарга кетади. Сафарда кийимни кийиб кўрганида эса пижама шим қисмининг бир томони иккинчи томонига қараганда ўта тор тикилгани, бу эса нафақат ноқулай, балки кулгили ҳам кўриниши уни асабини бузади. Орадан 17 кун ўтиб сафардан қайтгач эса сотувчи билан юқоридаги мазмундаги мулоқот юз берган.

Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига биноан истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли. Қонуннинг мазкур моддасидаги нормадан кўриниб турибдики, бу ерда гап мақбул сифатдаги, яъни нуқсонлари бўлмаган товарлар ҳақида боряпти. Бизнинг мисолимизда эса товар нуқсонли ҳисобланади ва ушбу ҳолат қонуннинг 18-моддасидаги нормалар билан эмас, балки истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда қай тартибда ҳатти-ҳаракатлар амалга оширилиши лозимлигини белгилаб берувчи нормалари (13-17-моддалари) билан тартибга солинади. Уларга кўра эса истеъмолчи, кафолат муддати ёхуд яроқлилик мобайнида, кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой мобайнида, мавсумий товарлар учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган муддат мобайнида харид қилинган товарда нуқсонлар юзага келиши билан муаммоларни қонуний ҳал қила олади.

Шаҳар жамияти мутахассислари сотувчига қонун нормасини нотўғри талқин қилиниши натижасида юзага келган тушунмовчилик, жорий ҳолат қонуннинг қайси нормалари билан тартибга солиниши бўйича тушунтиришлар берганларидан сўнг, нуқсонли товар сотувчига, унинг учун тўланган 120 минг сўм пул суммаси эса истеъмолчига қайтарилди.

Усмонжон Рузиев
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment