Тўлов дастурлари орқали пул ўтказишда эътиборсиз бўлмайлик

Тўлов дастурлари орқали пул ўтказишда эътиборсиз бўлмайлик

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Қўштепа туманида яшовчи М. Н.нинг тўлов-контракт учун тўлаган пуллари ўқув муассасасининг хисоб рақамига ўз вақтида тушмаганидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилди.

Ўрганиш ишлари давомида маълум бўлишича, М. Н.нинг Марғилон Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумига тўлов-контракт учун амалга оширган 917 820 (тўққиз юз ўн етти минг саккиз юз йигирма) сўм пул маблағи таълим муассасасининг махсус ҳисоб рақамига келиб тушган бўлсада, у пул маблағини Beepul иловаси орқали ўтказиши жараёнида тўлов мақсади ҳақида тўлиқ маълумот киритмаганлиги сабабидан, ушбу сумма техникум электрон базасида номаълум сумма сифатида туриб қолишига олиб келган.

Ўрганиш ишларини ўтказиш жараёнида таълим муассасаси масъуллари билан боғланилиб, фуқаро томонидан амалга оширилган тўловга аниқлик киритилиши ва техникум электрон базасида тўғриланиши билан М. Н. зиммасидаги тўлов-контрактдан қарздорликни бартараф қилинишига эришилди.

Шу ўринда истеъмолчилардан электрон тўлов дастурлари орқали тўловларни амалга ошириш жараёнларида, шунингдек турли интернет иловаларига ўзининг шахсга доир маълумотларини киритишда эътиборли ва ҳушёр бўлишларини сўраб қоламиз.

Саидхон Хапизов
Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment