Фуқаронинг шаҳар прокуратурасига қилган мурожаати ижобий ечим топди

Фуқаронинг шаҳар прокуратурасига қилган мурожаати ижобий ечим топди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Наврўз маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи М.С.нинг “шаҳар ҳудудида фаолият олиб бораётган савдо тармоғидан 2021 йилда истеъмол кредити шартларида сотиб олган маҳсулоти учун тўловларни тўлиқ тўлаган бўлишига қарамай, истеъмол кредити ташкилоти унга қолдиқ қарздорлик мавжудлигини даъво қилаётганлиги” масаласида шаҳар прокуратурасига қилган мурожаати тегишлилиги бўйича ўрганилди.

Ўрганишда маълум бўлишича, фуқаро 2021 йилда шаҳардаги “Ҳамроҳ” савдо тармоғидан 2 йил муддатга, истеъмол кредити шартларида маҳсулот сотиб олади. Унинг қўлига маҳсулот қийматини 24 ойи давомида бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича график чиқариб берилади. Музокаралар жараёнида у маҳсулот қийматини қисқароқ муддатда тўлаш имконияти борлигини, чўзиб юрмасдан қисқароқ муддатда тўлаб юборишини таклиф қилади. Масъул ходим унга ташкилотдаги тартиб қоидалар бўйича энг қисқа муддат 3 ойлик қилиб график чиқариб бериши мумкинлигини тушунтиради ва умумий суммани 3 ойга бўлиб кўрсатади. Истеъмолчи 3 ойга бўлиб тўлашга бироз қийналишини айтиб, 4 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлашни таклиф қилади. Масъул ходим умумий суммани 4 ойга бўлиб тўланганда ҳар ойда тўланадиган суммани айтгач, у кейинги 4 ой давомида шу суммаларни ойма-ой тўлаб боради ва охирги тўловидан сўнг истеъмол кредитини тўлиқ ёпдим деб хотиржам юраверади.

Лекин орадан вақтлар ўтиб, уни қарздорликни қолган қисмини тўлаш лозимлиги бўйича безовта қилишади. Аслида масъул ходим суммани ойларга бўлганда адашиб, тўланиши керак бўлган суммадан камроқ суммани ҳисоблаб чиқаргани оқибатида истеъмолчи муайян вақтлар давомида 2 йиллик график бўйича гўёки олдиндан тўловда бўлган ва кейинги ойларда тўлов қилмасдан келган бўлиб қолган.

Мурожаатни ўрганиш давомида олиб борилган музокаралар ва қонунчилик тарғиботи натижалари, шунингдек истеъмол кредити ташкилотининг таклифи билан қолиб кетган тўлов суммаси ва тўловни кечиктиргани сабабли ҳисобланган пеняларни чегириб ташлашга, истеъмолчи асосий сумманинг тўланмай қолган 597 минг сўм қисмини тўлиқ қоплаши билан юзага келган тушунмовчиликни бартараф этилишига келишилиб, муаммо ҳал этилди.

Саидхон Хапизов
Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment