Ўлчами тўғри келмаган пальто сотувчига, пули эса истеъмолчига қайтарилди

Ўлчами тўғри келмаган пальто сотувчига, пули эса истеъмолчига қайтарилди

Олтиариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Бозорбоши маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ш.К.нинг сотувчидан ўлчами тўғри келмаган пальтони пулини қайтариб ололмаётганлиги тўғрисидаги ёзма мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчининг маълум қилишича, у туман марказида жойлашган кийим-кечаклар савдо дўконидан қизи учун аёллар пальтосини 1 млн 800 минг сўмга харид қилиб, уйга олиб келганлиги, қизига кийдирганида эса палтонинг ўлчами мос келмаганлигини, ўундан сўнг пальтони сотувчига қайтариб олиб келганлигини баён қилади. Лекин сотувчи худди шу фасондаги ва истеъмолчи сўраган ўлчамдаги пальто сотувда қолмаганлигини важ қилиб, ўрнига бошқа фасондаги пальтолардан бирини бериши мумкинлигини, бўлмаса пулини қайтариб келинган товар сотилгандан сўнг олишини маълум қилган.

Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасида истеъмолчининг мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақлилиги кўрсатиб ўтилган. Фақатгина ушбу турдаги товар “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасида кўрсатиб ўтилган, юқоридаги каби ҳолатларда алмаштирилмайдиган ёки сотувчилар томонидан қайтариб олинмайдиган товарлар рўйхатига кирмаса бўлди. Албатта, истеъмолчи ҳам ўз ўрнида алмаштиришга келтирилаётган товарларни истеъмол қилинмаган бўлишига, унинг товар кўриниши, истеъмол хоссалари, пломбаси, ёрлиқлари сақланган бўлишига жиддий эътибор қаратиши лозим бўлади.

Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш жараёнида тарафларга қонунчиликнинг юқоридаги талаблари тушунтирилди. Ўрганиш якунлари билан эса сотувчи 1 млн 800 минг сўм пулни истеъмолчига қайтарди.

Дилобар Дадахонова
Олтиариқ туман жамияти мутахассиси

Post Comment