Бажарилган иш сифатидан қониқмаган истеъмолчига пули қайтарилди

Бажарилган иш сифатидан қониқмаган истеъмолчига пули қайтарилди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳардаги поликлиникалардан бирида шифокор бўлиб ишловчи, Федерация аъзоси О.А.нинг хонадонига ўрнатилган жалюзи парданинг хонага мос тушмаганлиги борасидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчига кўра, у Фарғона шаҳрида фаолият олиб бораётган “B… D…” хусусий фирмасига хонадонига жалюзи парда ўрнатиш бўйича буюртма беради. Буюртма бажарилгач, бажарилган иш истеъмолчига маъқул келмаган ва у парданинг хонага мос тушмаганлиги ҳамда ортиқча қоронғулаштириб қўйганлиги важи билан ижрочига уни бошқасига алмаштирилиши бўйича мурожаат қилган. Лекин ижрочидан ушбу талаби бўйича рад жавоби олган. Шундан сўнг Федерация мутахассисларига ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган.

Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, aгар ижрочи шартнома шартларини иш (хизмат)ни ёмонлаштирган даражада жиддий бузган бўлса, ёхуд ишда (хизматда) бошқа жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Истеъмолчи ушбу ҳуқуқларини: ишни (хизматни) қабул қилиб олиш вақтида ёки унинг бажарилиши жараёнида нуқсонлар аниқланган тақдирда; кафолат муддати давомида, кафолат муддати бўлмаган тақдирда эса, иш (хизмат) қабул қилиб олинган кундан эътиборан олти ой давомида; импорт ёки бошқа кўчмас мулкда нуқсонлар аниқланган кундан эътиборан икки йил давомида рўёбга чиқариши мумкин.

Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ижрочига қонуннинг юқоридаги талаблари юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилгач, ижрочи томонидан истеъмолчига 1 млн 875 минг сўм пули қайтарилишига эришилди.

Усмонжон Рузиев
Фарғона шаҳар жамияти мутахассиси

(иллюстратив фото)

Post Comment