Мебел олди-сотдисидаги муаммо ҳал этилди
Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи С.С. яка тартибдаги тадбиркор Халилов Равшанбек Юсупович томонидан кўрсатилаётган хизматлардан норози бўлиб мурожаат қилган.
Мурожаатчига кўра, у жорий йилнинг 8 феврал куни туман “Буюм бозори”дан фарзандининг янги уйи учун 7 млн 200 минг сўмга мебеллар тўпламига буюртма берган ва тўловни амалга оширган. Лекин 12 феврал куни буюртма асосида хонадонига келтирилган мебеллар тўплами у бозорда танлаган ранг ҳамда сифатдагидан фарқ қилишини кўрган истеъмолчи савдо дўконига мурожаат қилиб, ушбу ҳолат бўйича ўз эътирозларини билдирган ҳамда мебелни тегишли сифатдагисига алмаштириш акс ҳолда пулини қайтариш тўғрисида талабини қўйган. Сотувчи эса мазкур талабни рад қилган.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддаси учинчи қисмига кўра, истеъмолчи ўзига сотилган тўпламлар, гарнитурлар, комплектлар ва комплексларнинг мустақил таркибий қисми бўлган ва мустақил нархга эга бўлган буюмларда нуқсонлар борлигини аниқлаган тақдирда, бутун тўплам, гарнитур, комплект ва комплексга нисбатан ҳам, уларнинг нуқсонлари бор мустақил таркибий қисмларига нисбатан ҳам ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақлидир.
Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш жараёнида сотувчи билан учрашилиб, унга юқоридаги қонун талаблари юзасидан тушунтиришлар берилиши баробарида Ўзбекистон Республикасиниг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрсида”ги қонуни тарғиботи ҳам олиб борилди. Натижада истеъмолчи хонадонига олди-сотди жараёнида буюртма берилган ранг ва сифатдаги мебеллар тўплами етказиб берилишига эришилди.
Шавкатжон Саидов
Ёзёвон туман жамияти ҳуқуқий ҳимоя мутахассиси
Post Comment