Мижоз буюртмани рад қилди

Мижоз буюртмани рад қилди

Ёзёвон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Беруний” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М. Р. нинг тумандаги “Жозиба” хусусий чевархонаси хизматларидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилди.

Маълум бўлишича, буюртмани чевархона раҳбари С.К. томонидан қабул қилиб олиниши жараёнида олдиндан 150 минг сўм бўнак пули тўланиши ва кўйлак шартлашилган муддатда тайёрлаб берилишига келишилган. Бироқ шартлашилган муддатда кўйлак битказиб берилмасдан, ундан икки кун ўтибгина буюртма тайёр бўлган. Бироқ истеъмолчи келиб буюртмани кўздан кечириши жараёнида унинг буюртма қилинганидан бошқа ўлчамдалиги маълум бўлган. Шу сабабдан Р.М. бундай маҳсулотни қабул қила олмаслигини, кўйлак материали ва тўланган бўнак пулини қоплаб берилишини талаб қилган. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 19-моддасида истеъмолчида шундай ҳуқуқлар мавжуддир. Улар келиша олмагач, истеъмолчи ушбу масалани қонуний ҳал қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.

Туман жамияти ходимлари чевархона раҳбарига учрашиб, буюртмани кўздан кечириш асносида унга истеъмолчи ва ижрочининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича тушунтиришлар беришлари ўзининг ижобий натижасини берди, шекилли, чевархона истеъмолчи Р.М. унинг ҳаражатларини тўлиқ қоплаб берди.

Шавкатжон Саидов
Ёзёвон туман жамияти мутахассиси

Post Comment