Мақбул сифатдаги товар алмаштирилди

Мақбул сифатдаги товар алмаштирилди

Бешариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Федерация аъзоси М.Т.нинг буюм бозоридан харид қилинган мақбул сифатдаги ноозиқ-овқат товарини алмаштириб олишда юзага келган муаммо юзасидан мурожаати ўрганилди.

Маълум бўлишича, истеъмолчи синглисининг узоқ сафардан қайтишига совға қилиш мақсадида Бешариқ буюм бозоридан 350 минг сўмга пиджак харид қилади. Лекин харид амалга оширилган кундан 3-4 кун ўтиб сафардан қайтган сингилга пиджакнинг ўлчами бироз мос келмайди. Бундан хижолат тортган истеъмолчи пиджакни сотиб олган жойдаги сотувчидан ўлчами тўғри келадиганига алмаштириб олишга ҳаракат қилади. Бироқ сотувчидан рад жавоби олади.

Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига кўра, истеъмолчи мақбул сифатдаги ноозиқ-овқат товарини харид қилинган жойдаги сотувчидан 10 кун муддат ичида айни шундай товарга алмаштириб олиш ҳуқуқига эга. Фақатгина ушбу товар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланган қоидаларга кўра алмаштириб берилмайдиган товарлар сирасига кирмаса бўлди.

Мурожаатни ўрганиш доирасида томонларга амалдаги қонуннинг юқоридаги талаблари, қонун талабларини бажармаслик келтириб чиқарадиган ҳуқуқий оқибатлар тўғрисида тушунтиришлар берилди. Ўрганиш якунлари билан эса пиджак бошқа мақбул ўлчамдагисига алмаштириб берилди.

Хамиджон Ахмедов
Бешариқ туман жамияти раиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin