Салкам 6 миллион сўмлик мобил қурилмани IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш масаласида муаммо чиқди
Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан “Боғистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ж.М.нинг харид қилинган мобил қурилманинг IMEI коди билан боғлиқ муаммо масаласида Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Мурожаатчига кўра, у туман ҳудудида фаолият олиб бораётган “Premier development business center” МЧЖга қарашли савдо дўконидан, товар қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шартларига асосланган шартнома асосида, кафолат муддати 1 йил қилиб белгиланган MI NOTE 11PRO 8/128gb Graphite Gray русумли мобил телефон аппаратини 5 млн 767 минг 520 сўмга харид қилади. Мобил қурилмадан харид қилинган кундан эътиборан мунтазам фойдаланиш бошланади. Лекин муайян давр оралиғида фойдаланилиши давомида телефон аппаратига мобил тармоқдаги қурилмани идентификациялаш учун уникал рақам (IMEI код) бўйича рўйхатдан ўтказилиши лозимлиги бўйича СМС хабарнома келади. Бундан хавотирга тушган истеъмолчи сотувчига бу ҳақда маълум қилиб, қурилмани тегишли тартибда рўйхатдан ўтказиб берилишини сўраган. Лекин сотувчи томонининг уринишлари билан мобил қурилмани IMEI рўйхатидан ўтказишнинг имкони бўлмаган.
Мурожаатни ўрганиш ишлари доирасида томонларга амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари тарғиботи олиб борилди. Ўрганиш якунлари билан, мобил тармоқдаги қурилмани идентификациялаш учун уникал рақам бўйича рўйхатдан ўтказишни имкони бўлмаган телефон аппаратини сотувчига қайтарилиб, истеъмолчининг ҳоҳишига кўра, Қонуннинг 17-моддаси (Истеъмолчига нуқсонли товар сотилган тақдирда у билан ҳисоб-китоб қилиш) тартибидаги қайта ҳисоб-китоб асосида, техник имкониятлари ва истеъмол хоссалари ўхшаш бўлган, бошқа русумдаги мобил қурилмага алмаштирилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.09.2019 йилдаги 778-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом”га кўра, мамлакатимиз ҳудудида мобил қурилмалар чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари мобил қурилмаларни республика ҳудудига олиб кириш санасидан қатъий назар, уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгардирлар.
Хусниддин Латипов
Риштон туман жамияти мутахассиси
Post Comment