Cкутердаги нуқсон сотувчи ҳисобидан бартараф этилди

Cкутердаги нуқсон сотувчи ҳисобидан бартараф этилди

Ўзбекистон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи С.Ш.нинг кредит савдо дўконидан харид қилинган янги скутернинг бир ой ўтмасдан бузилиб қолганлигидан норози бўлиб Федерация ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, истеъмолчи “Together to our dreams” МЧЖ билан товар қийматини бир йил мобайнида бўлиб-бўлиб тўлаш шартларида тузилган шартномага асосан, 10 091 120 сўмга скутер харид қилган. Ундан бир ой давомида фойдаланиши жараёнида скутернинг қувватлагичи (аккумулятори)да кузатилган нуқсон туфайли ундан фойдаланишида муаммолар келиб чиққан. Шу йил июн ойи бошларида кредит савдо дўконига қилган мурожаати эса ижобий ечим топмаган. Шундан кейин ўзининг қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқаришида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб ваколатли идора ишонч телефонига мурожаат қилган.

Мурожаат ўрганилиши жараёнида харид қилинган товардаги нуқсон фуқаронинг хонадонига бориб кўрилди, мурожаатда келтирилган важларга аниқлик киритиб олинди. Шундан сўнг сотувчига амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Ваҳоланки, сотувчи бу ўринда истеъмолчининг эътирозларини ўрганиб чиқиши, агар улар ўринли эканлигини тасдиғини топган ҳолатда, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддаси тартибида, товарда кафолат муддатида топилган нуқсонларни истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида бепул бартараф этиш чора-тадбирларини кўриши лозим эди. Лекин бундай ҳолларда кўпинча сотувчилар амалдаги қонун талабларини бажариш ўрнига, турли важ-карсонлар билан қонун талабини ижро қилмасликка интилиб, оқибатда қўшимча муаммоларга ҳам дуч келадилар, асабларини, вақтларини йўқотадилар.

Туман жамияти мутахассислари томонидан мурожаатни ўрганиш ишлари давомида қонунчиликнинг амалдаги талаблари ижроси таъминланиб, скутер қувватлагичида аниқланган нуқсон сотувчи ҳисобидан бартараф этиб берилишига эришилди.

Дилшоджон Рассаев,
туман жамияти мутахассиси

(иллюстратив фото)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin