Мобил қурилмадаги нуқсон бепул бартараф этиб берилди

Мобил қурилмадаги нуқсон бепул бартараф этиб берилди

Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Сойгузар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи истеъмолчи Х.И.нинг харид қилинган мобил қурилмада бир неча бор носозлик юзага келганлиги, лекин сотувчи томонидан унинг қонуний талабларини бажариш ишлари пайсалга солинаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчининг сўзларига кўра, у туман марказида жойлашган “GARAND” савдо марказидан Samsung M32 (4/64 GB) русумли уяли алоқа воситасини ўтган йилнинг 24 октябр куни товар қийматини бўлиб тўлаш шартларида, 1 656 200 сўмга харид қилган. Жорий йилнинг июн ойига келиб мобил қурилмада носозлик кузатилади. Истеъмолчи ушбу масалада савдо марказига бир неча бор мурожаат қилсада муаммосини тўлиқ ҳал қилиб бериш ишлари пайсалга солиб келингач, туман жамиятига ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган.

Мурожаатни ўрганиш давомида муаммонинг келиб чиқишига истеъмолчи мобил қурилмасидаги IMEI коди билан боғлиқ масала сабаб бўлганлиги, савдо маркази ходимлари ушбу масалани бир ҳафта муддатда бартараф этишни ваъда қилганликлари, лекин ваъда қилинган муддат ўтгунига қадар ҳам муаммо бартараф этиб берилмаганлиги маълум бўлди.

Туман жамияти мутахассислари ўрганиш ишлари доирасида сотувчи ташкилот масъулларига юзага келган ҳолатда амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари ва уларга амал қилмаслик келтириб чиқарувчи ҳуқуқий оқибатлар юзасидан тушунтириш ишларини олиб бордилар. Натижада мобил қурилмада юзага келган нуқсон ўрганиш вақтининг ўзида бепул бартараф этиб берилиб, истеъмолчининг ҳақ-ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Ўз мурожаатни ўрганиш ишларидан қониқиш ҳосил қилган истеъмолчи туман жамиятига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Феруза Умурзақова,
туман жамияти мутахассиси.

(иллюстратив фото)

Post Comment