Чангютгич деб сотилган товар сотувчига қайтарилди

Чангютгич деб сотилган товар сотувчига қайтарилди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Тарона кўчасида яшовчи Ш.Э.нинг онлайн илова воситасида сотиб олинган маҳсулот сотувчига қайтарилгани, пулини унга қайтариш ишлари эса пайсалга солинаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.

Мурожаатчига кўра, у телеграмдаги “Uzum market” иловасида 900 000 сўмга чангютгич сотилаётганлиги тўғрисидаги рекламани кўриб, ундан биттасига буюртма беради. Товари етиб келганлиги тўғрисида хабар берилгач, у мазкур илова воситасида буюртма берилган товарларни тарқатувчи шохобчага келиб қабул қилиб олган. Лекин у ердагилар негадир истеъмолчига коробкани жойида очиб кўриб, буюртма қилинган товарни сифатини ва бутлигини текшириб олишга имкон бермасдан, “Уйингизда очиб кўрасиз” деган жавобни берганлар. Уйга келиб очилган коробкадан эса товардан фойдаланишнинг Хитой тилида ёзилган қўлланмаси чиққан. Шундай бўлсада истеъмолчи интернет таржимон дастурлари воситасида товарни териб ишлатиб кўради. Ишлатиб кўриш жараёнида унинг ўз вазифасини бажариши реклама қилинган даражада эмаслиги маълум бўлади. Бундан ажабланган истеъмолчи бир соат ичида товарни дўконга қайтариб олиб келади ва пулини қайтаришларини талаб қилади. Сотувчи вакиллари эса товарни олиб қолиб, пулини тез кунларда қайтаришни ваъда қилишади.

Юқоридаги ҳолат амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддаси бўйича товар ҳақида нотўғри маълумот бериш сифатида баҳоланади. Унга кўра, нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар туфайли истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. Шунинг билан биргаликда, қонуннинг 8-моддасига кўра, товарни истеъмолчи қўлига топшираётган шохобчадагилар унга товарни шу жойни ўзида очиб кўриб, сифати ва бутлигини текшириб олиш имкониятини яратиб беришлари шарт эди.

Шаҳар жамияти мутахассислари томонидан мурожаатни ўрганиш жараёнида қонунчилик талабларини ва мазкур талабларни бажармаслик келтириб чиқарувчи ҳуқуқий оқибатларни сотувчига тушунтириш йўли билан истеъмолчига 900 000 сўм пули тўлиқ қайтарилишига эришилди.

Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.

(иллюстратив фото)

Post Comment