Истеъмолчи муаммоси тезкорликда бартараф этиб берилди

Истеъмолчи муаммоси тезкорликда бартараф этиб берилди

– Мен июл ойининг охирларида яшаш хонадонимга ўзаро келишган ҳолда (700 000 сўмга) 52 квадрат метр линолеумни ёпиштириш учун қўшнимни укаси Ш. исмли устани ёлладим. Уста ишни тугатгач, хонадонимни кириш қисмида чуқур пайдо бўлиб қолди. Шунда мен ёллаган устага телефон қилдим ва ҳолатни тушунтирдим. У менга эртага, индинга тўғрилаб бераман, деб алдаб келмоқда. Сизлардан илтимос шу ҳолат бўйича менга амалий ёрдам беришингизни сўрайман, – дейди Фарғона шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи И.Г. шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига берган аризасида.

Мурожаат қабул қилиб олиниб, тегишли равишда расмийлаштириш ишлари бажарилгач, жамият мутахассиси хонадонга линолеумларни ёпиштириб берган устанинг телефон рақамига қўнғироқ қилиб, у билан фуқаронинг мурожаати, мурожаатда келтирилган эътирозлар ва уларни кўриб чиқиш тартиблари, шунингдек амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтириш ишларини олиб боргач, у шу кунни ўзида муаммони бартараф этишга ваъда берди.

Натижа эса узоқ куттирмади. Орадан муайян вақт ўтиб шаҳар жамиятига қўнғироқ қилган мурожаат муаллифи, уста юзага келган муаммони бартараф этиб берганлигини маълум қилиб, жамият ходимларига ўз мурожаати юзасидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар ва эришилган ижобий натижа учун миннатдорчилигини изхор қилди.

Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.

(иллюстратив фото)

Post Comment