Пайсалга солиб келинган иш туман жамияти аралашуви билан ниҳоясига етказилди
Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига туман марказидаги Машраб кўчасида яшовчи фуқаро У.М. буюртма қилинган мебелларни тайёрлаш ишлари пайсалга солиб келинаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.
Маълум бўлишича, истеъмолчи туман ҳудудида мебел тайёрлаш фаолияти билан шуғулланиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор Т.И.га умумий қиймати 4 200 000 сўм бўлган мебеллар жамланмасини тайёрлаб бериши учун олдиндан 2 700 000 сўм аванс пули тўлаб буюртма берган. Буюртма 10 кун муддат ичида бажарилиши келишилган бўлсада, ушбу муддат ўтиб ҳам жамланма тайёр бўлмаган. Тадбиркорга билдирган эътирозига эса, хом-ашё ва материалларни етиб келишидаги кечикиш сабаб қилиб кўрсатилган. Истеъмолчи агар буюртмани бажаришга ҳали-ҳануз киришилмаган бўлса пулини қайтарилишини сўрайди. Тадбиркор эса юзага келган ҳолат учун узр сўраб, буюртмани тезкорликда тайёрлаб беришга ваъда қилади. Лекин шундан сўнг ҳам ишларни бажариш пайсалга солингач, истеъмолчи туман жамиятига қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини сўраб ёзма равишда мурожаат қилади.
Туман жамияти мутахассиси истеъмолчи мурожаатини ўрганиш давомида тадбиркор билан учрашиб, унга амалдаги қонунчилик талабларини тушунтиргач, буюртма бўйича ишлар тезкорлик билан ниҳоясига етказилиб, мебел жамланмаси истеъмолчи хонадонига етказиб берилди.
– Мурожаатимни туман жамияти мутахассислари ўрганишиб, уста мебелларни хонадонимга олиб келиб берди. Бунинг учун сизларга ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди У.М. ўрганиш ишлари якунларига кўра туман жамияти раҳбари номига берган миннатдорчилик хатида.
Раҳматилло Шодмонов,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment