Истеъмолчини бир ой сарсон қилган масала бир кунда ҳал бўлди
Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Қайрима” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи О.А.нинг харид қилинган сув иситгични нуқсонли чиққанлиги ва сотувчи уни алмаштиришдан бўйин товлаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи ўз мурожаатида маълум қилишича, шу йилнинг июн ойи охирларида туман марказидаги “Dom stroy” савдо дўконидан 30 литр сиғимли Royal савдо белгиси остида ишлаб чиқарилган электр сув иситгични 1 000 000 сўмга харид қилган. Хонадонга келтирилиб фойдаланиш чоғида маиший техникада нуқсонлар кузатилган. Истеъмолчи бу ҳақда сотувчига мурожаат қилиб, ўз эътирозларини билдирган ҳолда, нуқсонли товарни мақбул сифатдагисига алмаштириш талабини қўйган бўлсада, унинг бу борадаги саъй-ҳаракатларидан натижа чиқмаган.
Туман жамияти ходимлари истеъмолчи мурожаатини ўрганиш ишларига савдо дўкони раҳбари Х.Р.ни жалб қилган ҳолда, истеъмолчи хонадонига бориб жойида мурожаатда келтирилган важларни ўрганиб чиқдилар. Ўрганиш ишлари сув иситгичда ҳақиқатда ҳам нуқсон мавжудлигини, истеъмолчининг бу борада келтирган важлари асосли эканлигини кўрсатди. Шу асосларга кўра, шу куннинг ўзида нуқсонли электр сув иситгич худди шу русумдаги мақбул сифатдагисига алмаштириб берилиши таъминланди.
Ферузахон Умурзақова,
туман жамияти бош мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment