Аҳолини рўйхатга олиш босқичлари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари иштироки
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ишлари кенг қамровли тадбир бўлиб, кетма-кет ҳамда бир вақтнинг ўзида тегишли тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлган уч босқични ўз ичига олади:
Биринчи босқичда (3 йилгача бўлган муддат) қуйидаги ишлар амалга оширилади:
аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни ташкил этиш, ўтказиш тамойиллари, услубий асослари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланади;
аҳолини рўйхатга олиш тадбири дастурини, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилишни ташкил этиш услубияти ишлаб чиқилади;
аҳолини синов асосида рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш ва ўтказишни ташкил этиш, унинг натижаларини таҳлил қилиш ишлари олиб борилади;
ҳар бир рўйхатга олувчиларни ўз ҳудуди бўйича хариталар билан таъминланади;
аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ва аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишнинг ташкилий режаси тузилади;
ҳар бир хонадон рақамланиши ва кўчалар номланишини амалга оширилади;
замонавий хариталаш технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш, унинг ўтказилишини назорат қилиш, якуний натижаларни олиш ва тақдим этишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш орқали тадбир мониторинг қилиб борилади;
аҳолига аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади ва вазифалари ахборот-тушунтириш ишлари орқали таништирилади;
рўйхатга олиш варақалари ва бошқа ҳужжатлар чоп этилиб, жойлардаги мутахассисларга этказилади;
рўйхатга олиш участкаларини бино, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаш ишлари ташкил этилади;
рўйхатга олиш тадбирида иштирок этувчи вақтинчалик ходимлар ўқитилиб, улар зарурий воситалар билан таъминланади;
аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа ишлар олиб борилади.
Иккинчи босқичда (10 кундан 60 кунгача бўлган давр) бевосита аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш ишлари амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш тадбири материаллари қайта ишлаш учун ихтисослашган тузилмаларга тақдим этилади.
Учинчи босқичда (2 йилдан 3 йилгача бўлган давр) қуйидагилар амалга оширилади:
аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг бирламчи материаллари маʻлумотларни қайта ишлаш бўйича ихтисослашган тузилмалар томонидан қабул қилиб олинади;
аҳолини рўйхатга олиш тадбири материалларини автоматлаштирилган тизимда қайта ишлашга тайёрланади;
бирламчи маълумотларни киритиш, кодлаштириш, назорат ва таҳрир қилиш ишлари амалга оширилади;
аҳолини рўйхатга олиш бўйича дастлабки натижалар олинади;
аҳолини рўйхатга олиш тадбири натижаларини эълон қилиш ва уларни тарқатиш ишлари амалга оширилади.
Аҳолини рўйхатга олиш бўйича ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика Агентлиги ҳисобланиб, улар қуйидаги муҳим вазифаларни амалга оширадилар:
а) муҳим илмий ва олий таълим муассасалари иштирокида аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш бўйича илмий-услубий ва қўлланма материалларни тайёрлайди;
б) ҳар бир аҳоли пунктида аҳолини рўйхатга олиш ишларини мувофиқлаштирувчи рўйхатга олиш участкалари мудирларининг, давлат статистика органлари ходимлари таркибидан супервайзерлар (назоратчи инструкторлар)нинг тайинланишини таъминлайди;
в) жойлардаги туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда, рўйхатга олувчи ходимларни ўқитишни, шунингдек, рўйхатга олиш варақаларини синов кўринишида тўлдириш бўйича амалий машгʻулотларни, кейинчалик хатоликларни таҳлил қилиш ва юзага келган қийинчиликларни тушунтириш орқали ўтказилишини (ўқитиш ишлари ўқитилаётган ходимларнинг ўрганилаётган материални тўғри ўзлаштирганликлари ва рўйхатга олиш ишларига тайёр эканликларини синовдан ўтказгандан сўнг якунланади) амалга оширади;
г) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникатсияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:
рўйхатга олиш натижаларини қайта ишлаш бўйича моддий-техник воситаларни сотиб олиш, сервер ускуналари, рўйхатга олиш варақаларини машинада ўқишни таъминловчи сканерлар ва бошқа офис техникалари билан таъминлаш бўйича тендерлар ташкил этиш ва ўтказилишини таъминлайди;
аҳолини рўйхатга олиш варақалари маълумотларини киритиш ва қайта ишлаш бўйича автоматлаштирилган тизим яратади;
аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари натижаларини олиш бўйича дастурий воситаларни ишлаб чиқади;
д) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникатсиялар агентликлари билан биргаликда, аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилиши ҳақида аҳолини хабардор қилиш, рўйхатга олиш тадбирларида фаол иштирок этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, шиорлар чиқариш ва бошқа шу каби тадбирларни амалга ошириш бўйича ишларни мувофиқлаштиради.
Бу тадбирга нафақат статистика органлари ходимлари, балки республиканинг бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳам аҳолини рўйхатга олиш ишларида бевосита иштирок этадилар.
Жумладан: Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материалларнинг (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режаси, маъмурий туманлар харитаси) тайёрланишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги аҳолини рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни сақлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг йиғма ҳужжатларини қайта ишлангандан сўнг доимий сақланишини юритади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қуйидагиларни амалга оширади:
аҳолини рўйхатга олишга жалб этилган шахсларнинг тўлиқ хавфсизлиги ва рўйхатга олиш материалларининг сақланишини таъминлайди;
рўйхатга олишни ўтказиш даврида аҳолини рўйхатга олиш органларининг бинолари ва юкларини қўриқлашни амалга оширади;
аҳолини рўйхатга олиш органлари билан биргаликда, рўйхатга олишни ўтказиш учун зарур маълумотларни беришдан бош тортган ёки корхона ва ташкилот ҳудудига киритишга тўсқинлик қилган шахсларга нисбатан маъмурий таъсир чоралари кўриши мумкин.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари зиммаларига ҳам бир қатор вазифалар юклатилган бўлиб, улар қуйидагиларни амалга оширадилар:
рўйхатга олиш тадбирига жалб этилган шахсларнинг ўқиши ва ишлаши учун яроқли бўлган мебеллар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинчалик бинолар ҳамда аҳолини рўйхатга олиш варақалари ва бошқа ҳужжатларни вақтинчалик сақлаш учун қўриқланадиган бинолар ажратади;
аҳолини рўйхатга олиш участкаларини зарур транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлайди;
давлат кадастри ва давлат статистика органлари билан биргаликда, доимий яшовчи аҳоли сонини кўрсатган ҳолда аҳоли пунктларининг тўлиқ рўйхатини тузадилар.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича алоҳида ишлар жалб этилган пудрат ташкилотлари томонидан маҳсулотлар ва хизматлар сотиб олиш бўйича ўтказилган танлов асосида бажарилади, яъни: аҳоли ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш; картографик материалларни чоп этиш; рўйхатга олиш материалларини чоп этиш; моддий-техник таъминлаш; рўйхатга олиш материалларини ташиш; технологик-лойиҳа ишларини ўтказиш ва дастурий таъминотни ишлаб чиқиш; рўйхатга олиш варақалари маълумотларини киритиш, автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш ва бошқалар.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш ва ўтказишга кўмаклашиш учун зарур ҳолларда қўшимча равишда бошқа вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар жалб этилиши мумкин.
М. Фазилова,
Фарғона вилояти статистика бошқармасининг
“Рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш
ва уни ўтказиш” бўлими етакчи мутахассиси.
Post Comment