Истеъмолчининг пул маблағи тўлиқ қайтарилишига эришилди
Риштон тумани “Дорул-Омон” МФЙ ҳудудида яшовчи М.Д.нинг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига келиб тушган мурожаати Риштон туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганилди.
Мурожаатида истеъмолчи тумандаги қурилиш ташкилотларидан бирида раҳбар бўлиб ишловчи Ф. исмли шахсга қурилаётган янги уйлардан бирини харид қилиш учун 5000 АҚШ долларига тенг қийматдаги пул маблағини берганлигини, лекин у шахс орадан маълум вақт ўтгач унга уйни бермасдан пулини қайтармоқчи бўлаётганлигини маълум қилиб, масалага ойдинлик киритилиши ва ҳал қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Ўрганиш ишларида мурожаатда кўрсатилган шахс билан учрашилганда у ҳеч қандай қурилиш ташкилоти раҳбари эмаслиги, балки воситачилик (маклерлик) фаолияти билан шуғулланиши, юқорида кўрсатилган миқдордаги пул маблағини олганлигини, уй қуриб битказилаётганлиги сабабли мурожаат эгасига яна 5000 АҚШ долларига тенг бўлган миқдорда пул бериши кераклигини айтганлигини, лекин у бу пулни беришни истамаётганлигини, қуриб битказилаётган уйга бошқа харидорлар борлигидан келиб чиққан ҳолда истеъмолчига пулни қайтариб бермоқчилигини маълум қилди.
Ўрганиш давомида томонларга амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари тарғиботи ўтказилиб, истеъмолчи ва маклер ўртасида музокаралар олиб борилди. Ўрганиш якунлари билан икки томон олинган пул маблағини валюта курсларида бўлган ўзгаришларни компенсация қилиш йўли билан қайтарилишига келишиб олдилар. Истеъмолчининг пул маблағи унга тўлиқ қайтарилиб, мурожаат ижобий ҳал этилишига эришилди.
Хусниддин Латипов,
туман жамияти бош мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment