Масалага жамият аралашгач яна бир суд буйруғи бекор қилинишига эришилди

Масалага жамият аралашгач яна бир суд буйруғи бекор қилинишига эришилди

Фарғона шаҳар “Жўйдам” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А.Д. ўз мурожаатида яшаш ҳудудларидан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатувчи корхонадан қарздорлиги бўлмагани ҳолда уларнинг хонадонига нисбатан икки миллион сўмга яқин қарздорлик ва суд ҳаражатлари билан боғлиқ бошқа тўловларни бартараф қилиш лозимлиги юзасидан суд буйруғи чиқарилганини, шу асосда ойлик иш ҳақидан маблағ ушлаб қолинаётганлигини билдириб, масалага ойдинлик киритиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.

Дарҳақиқат, фуқаронинг қўлига Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2-1501-2302/42627-сонли суд буйруғи берилган бўлиб, унга кўра фуқародан “Qirguli kommunal servis” МЧЖ фойдасига 1 628 000 сўм асосий қарз, шунингдек 16 500 сўм почта ҳаражатлари ва 330 000 сўм давлат божи, жами бўлиб, 1 974 500 сўм пул маблағи ундирилиши белгиланган. Суд буйруғи Мажбурий ижро бюросига чиқарилиб, уни ижро қилиш ҳаракатлари бошланган, яъни маблағни бўлиб-бўлиб фуқаронинг ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиниши чора-тадбирлари кўрилган. Шу ўринда, суд буйруғи чиқарилган вақтда фуқаронинг қўлида юқоридаги корхона хизматлари учун тўловлардан қарздорлиги йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома ҳам бўлганлигини айтиб ўтиш жоиз.

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари масалани ўрганиб чиқиб, фуқаро номидан судга қонун талабидаги эътирознома тайёрлаб киритганларидан сўнг, эътирознома Фарғона туманлараро судида жорий йилинг 9 октябр кунида кўриб чиқилди ҳамда ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра суд 2-1501-2302/42627-сонли суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ажрим чиқарди.

Азаматжон Бабаев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.

Post Comment