Тўққиз миллион сўмлиги даъво қилинган қарздорлик исботини топмади
Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Ҳосилот” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳ.М.нинг сув оқова хизматлари бўйича асоссиз қарздорлик ҳисобланаётганлиги ва ушбу ҳолатга ойдинлик киритилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг билдиришича, сув оқова хизматларини кўрсатувчи корхона томонидан унинг тасарруфида бўлган хонадонга нисбатан катта миқдорда қарздорлик ҳисобланиб, уни бартараф қилиниши сўралган. Фуқаронинг қўшимча маълум қилишича, хонадонга 2017 йилнинг 28 апрел кунида сув ҳисоблагич ускунаси ўрнатилган бўлиб, ўтган вақт давомида хонадонда ҳеч ким яшамаган. Тўловларни эса ҳисоблагич кўрсаткичлари бўйича тўлаб бораверган. Шу кунга қадар тўланган сумма эса 377 000 сўмни ташкил қилган. Фуқаронинг қўлида хонадондаги сув ҳисоблагич ускунасининг 2022 йил 15 ноябр кунида қиёслов кўригидан ўтганлигини ва унинг амал қилиш муддати 2030 йил 15 ноябргача эканлигини тасдиқловчи гувоҳнома ҳам мавжуд.
Лекин шу йилнинг октябр ойларига келиб сув таъминоти корхонаси масъуллари томонидан хонадоннинг корхона компьютер базаси кўрсаткичлари бўйича 9 471 574 сўм қарздорлиги мавжудлиги, қарздорлик 2017-2023 йиллар давомида хонадондаги ичимлик суви истеъмолининг меъёрий тўлов асосида ҳисоблаб борилиши ва фуқаро ҳар ойнинг 5 санасига қадар ҳисоблагич кўрсаткичларини корхонага тақдим қилиб бормаганлиги оқибатида келиб чиққанлиги, ўтган давр ичида унинг томонидан тўланган 377 000 сўм чиқариб юборилган тақдирда ҳам 9 094 574 сўм қарздорликни бартараф қилиши лозимлиги айтилади. Истеъмолчи ҳолатга ўз кучи билан аниқлик кирита олмагач бу борада туман жамиятига мурожаат қилади.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида туман жамияти томонидан сув таъминоти корхонасига киритилган сўров хатига фуқаро ичимлик суви таъминоти корхонасига “барча ҳужжатлари билан келиб қайта ҳисоб-китоб қилингани ҳолда, ҳисоб рақамига бирикиб қолган қарздорликка аниқлик киритилди ва кўрсаткич киритиш орқали ҳисобланган нореал қарздорлик ечиб берилди”, мазмунида жавоб олинди.
Олиб борилган ўрганишлар якуни билан фуқарога ҳисобланган қарздорликнинг асоссизлиги, унинг мазкур тўловлардан қарздорлиги йўқлиги ҳақида ёзма маълум қилинди.
Аброржон Исақов,
туман жамияти бош мутахассиси.
Post Comment