Яхши ишламаган газ печи сотувчига қайтарилди
Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг “Ғозиёғлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.У. нинг харид қилинган газ печини яхши ишламаганлиги ва уни савдо дўкони қайтариб олмаётганлиги хусусида шаҳар прокуратурасига қилган мурожаати масаланинг тегишлилиги бўйича ўрганилди.
Истеъмолчига кўра, у шаҳардаги “Hamroh savdo tarmog`i” МЧЖга қарашли савдо дўконидан Эронда ишлаб чиқарилган газ печини товар қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 3 590 400 сўмга харид қилган. Хонадонига келтирилган газ печи яхши ишламагач, сотувчига бу борада мурожаат қилганида улар томонидан печни табиий газга мослаштириш кераклиги айтилади ва хонадонга уста жўнатилади. Лекин шундан кейин ҳам бир ҳафатача ишлаган газ печи яна ишламай қолади. Яхши ишламаган товарни ўз кучи билан сотувчига қайтариш ишларини амалга ошира олмаган истеъмолчи бу борада Қўқон шаҳар прокуратурасига мурожаат қилади.
Шаҳар жамияти мутахассислари мурожаат асосида савдо дўкони масъуллари билан учрашиб, уларга юзага келган ҳолатда амалдаги қонунчилик талабларини тушунтирганларидан сўнг масала тезкорликда ҳал этилиб, савдо дўкони ва истеъмолчи ўртасида тузилган муддатли тўлов шартномасини бекор қилинишига ҳамда нуқсонли товарни сотувчига қайтарилишига эришилди.
Муҳаммаджон Ўлмасов,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment