Ошхона ходими харид қилган сифатсиз кўмир сифатлисига алмаштирилди
Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида харид қилинган кўмирнинг сифатсизлиги масаласидаги мурожаат ўрганилди.
Истеъмолчи С.Т. ўз мурожаатида маълум қилишича, у шаҳардаги ошхоналардан бирида ишлайди. Шаҳар ҳудудидан овқат пишириш учун харид қилган 752 500 сўмлик кўмир ёқилғиси сифатсиз чиққанлиги сабабли уни белгиланган мақсадлар учун ишлатишда муаммога дуч келган. Ушбу масалани ўз кучи билан ҳал қила олмагач, муаммосини ижобий ҳал қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб келган.
Шаҳар жамияти мутахассислари ҳар бир килограмми 1750 сўмдан харид қилинган кўмирнинг сифати талаб даражадасида эмаслигига гувоҳ бўлишгач, сотувчи билан учрашиб ушбу масалада қонун талабларини тушунтириш ишларини олиб борганларидан сўнг, ўрганиш ишлари сифатсиз кўмирни сифатлисига алмаштирилиши билан якун топди.
Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment