Беш ярим миллион сўмга харид қилинган маиший техника нуқсонли чиқди
Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасида Қувасой шаҳар Ғ.Ғулом кўчасида яшовчи Р.О.нинг Фарғона шаҳридаги йирик супермаркетлардан биридан харид қилинган кир ювиш машинасининг нуқсонли чиққанлиги ва пулини қайтариб олишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг маълум қилишича, у 2023 йилнинг 30 декабр куни 5 579 000 сўмга 7 кг ҳажмдаги кирларни ювишга мўлжалланган Самсунг русумли кир ювиш машинаси харид қилган. Ундан хонадонда фойдаланиш жараёнида нуқсонлар аниқлангач, сотувчига бу борада мурожаат қилганида, бу борада сервис компаниясига мурожаат қилиши тўғрисида жавоб олган. Харидор кир ювиш машинасининг ҳужжатлари (кафолат дафтарчаси) сотувчи томонидан тўлиқ расмийлаштириб берилмагани оқибатида сервис компаниясига мурожаат қила олмаган. Сотувчига ушбу ҳолатларни тушунтириб, пулини қайтарилиши бўйича талабини қўйган, лекин унинг мазкур талаби қаноатлантирилмаган.
Ҳудудий бирлашма мутахассислари томонидан мурожаатни ўрганиш давомида сотувчига амалдаги қонунчилик талабларини ўзида акс эттирган сўров хати киритилди. Истеъмолчининг ҳуқуқлари ва унга ушбу ҳуқуқларини тўлақонли амалга оширишида тўсқинлик қилиниши натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар тушунтирилди. Натижада нуқсонли товарни сотувчига қайтарилиб, пул маблағларини истеъмолчига тўлиқ ҳажмда қайтарилишига эришилди.
Фахриддин Бойназаров,
ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи.
(иллюстратив фото)
Post Comment