Кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ҳисобланиши ҳолати қайд қилинди
Қува тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Раста” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи У.Т.нинг чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматларини кўрсатувчи корхона хизматларидан норози бўлиб Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасига қилган ёзма мурожаати ўрганилди. Истеъмолчи мурожаатида ўзлари яшаб турган ҳудудга хизмат кўрсатувчи корхона ҳақида, шунингдек уларнинг номидан маҳалла идораси имзолаган шартнома ҳақида маълумотга эга эмаслигини, улар томонидан хизмат кўрсатилмаган ойлар учун тўлов талаб қилинаётганини баён қилади.
Ўрганишда ҳудуд “Фарғона тозалик санитар сервис” МЧЖга бириктирилганлиги, корхона ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини ўртасида оммавий шартнома имзоланганлиги қайд қилинган ва хизматлар ушбу шартнома асосида кўрсатиб борилаётган бўлсада, ушбу шартнома ва унинг шартларидан маҳалланинг барча фуқаролари хабардор эмаслиги, албатта, хизмат кўрсатувчи ва маҳалла идораси томонидан бу борада аҳолига етарли даражада тушунтириш ишлари олиб борилмаганлигини кўрсатади.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида тўпланган маълумотлар ҳамда хизмат кўрсатувчи корхонадан олинган расмий жавоб хати билан маҳалланинг истеъмолчи истиқомат қиладиган кўчасига ҳақиқатда ҳам кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ҳисобланиши натижасида истеъмолчида 509 500 сўм асоссиз қарздорлик юзага келганлиги қайд қилинди. Ўрганиш давомида мазкур қарздорлик суммаси истеъмолчи зиммасидан соқит қилинишига эришилди.
Феруза Умурзақова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment