Уч миллион сўм асоссиз қарздорлик истеъмолчи зиммасидан соқит қилинди

Уч миллион сўм асоссиз қарздорлик истеъмолчи зиммасидан соқит қилинди

Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Турк равот” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи О.А.нинг ўзларига қарашли бўлган, лекин муайян вақтлардан буён ҳеч ким истиқот қилмайдиган хонадоннинг электр энергияси тўловлари бўйича 3 000 000 сўм қарздорлик чиқарилганлиги ва ушбу ҳолатга ойдинлик киритиб берилишини сўраб ёзган мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчи мурожаатида катта миқдорда қарздорлик мавжудлиги даъво қилинган хонадонда узоқ вақтлардан буён ҳеч ким яшамаслигини билдириб ўтган ва ушбу ҳолат мурожаатни жойига бориб ўрганилиши давомида ҳам тасдиғини топди. Маълум бўлишича, 1970-йилларда қурилган ушбу хонадонда фойдаланиб келинган электр ҳисоблагич эски русумда бўлган ва 2024 йилнинг январ ойида ушбу ҳисоблагич электр таъминоти корхонаси томонидан замонавий русумдагисига алмаштирилган. Шундан сўнг, истеъмол кўрсатгичи беш хонали сондан иборат бўлган ва кўрсатгичнинг юқори чегараси 10 000 рақамидан қайтадиган ушбу эски ҳисоблагич ҳақидаги маълумотларини компьютер базасига киритилишида унинг 7 385 кВт/соат кўрсатгичини максимал кўрсатгичга етиб, кейинги марта айланишидаги кўрсатгич сифатида киритилиши истеъмолчида 2 889 820 сўм қарздорликни келиб чиқишига олиб келган. Бу орада ушбу суммага 54 586 сўм пеня ҳам қўшилиб, жами қарздорлик суммаси 2 944 406 сўмга етган.

Олиб борилган ўрганиш ишлари давомида ушбу ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар туман электр таъминоти корхонасига киритилганидан сўнг, корхонадан истемолчи хонадонига ҳисобланган қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ушбу сумма истеъмолчи ҳисоб картасидан чиқариб юборилганлиги тўғрисида жавоб хати олинди.

Феруза Умурзақова,
туман жамияти мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin