Таъмирталаб тилло буюм бошқасига алмаштирилди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Қувасой кўчасида истиқомат қилувчи Х.Ф.нинг харид қилинган тилло узукда нуқсон юзага келгач, уни сотувчига топширилгани, лекин уни таъмирлаб қайтариб топшириш ишлари пайсалга солиб келинаётганлиги ҳолати юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатида шаҳардаги “Асл зар” савдо дўконидан шартнома қиймати 10 510 000 сўм бўлган тилло узукни қийматини 1 йил давомида бўлиб тўлаш шартларида харид қилинганини, шартнома бўйича тўловлар 8 ой давомида муддатидан олдин тўлиқ сўндирилганини, бу вақтга келиб тилло буюмдаги қимматбоҳо тош тушиб қолганлиги сабабли унга бошқа кўз қўйдириш учун сотувчига топширилганини, лекин бу ишлар чўзилиб кетганлигини баён қилади. Фарғона шаҳар жамияти томонидан ушбу масалада сотувчига киритилган сўров хатига жавобда, тилло узук таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги (уни “Александрия” номли кўзи тушиб қолганлиги) учун сервис марказига топширилгани, лекин унга зарур хом-ашё таъминотчи томонидан етиб келмаганлиги сабабли ишлар чўзилиб кетгани ва бу ҳақда истеъмолчига тушунтириш берилгани маълум қилинди.
Ўрганиш ишлари доирасида томонларга амалдаги қонунчилик тарғиботини олиб борилиши ҳамда сотувчи ва истеъмолчи ўртасидаги келишувга кўра, тилло буюм худди шу русум ва фасондаги бошқасига алмаштириб берилиб, истеъмолчи талаби қаноатлантирилишига эришилди.
Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment