Бўлиб тўлаш шартларида харид қилинган кондиционер нуқсонли чиқди

Бўлиб тўлаш шартларида харид қилинган кондиционер нуқсонли чиқди

Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Қўчқорчи” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қ.Р.нинг Фарғона шаҳридаги дўконлардан биридан 3 900 000 сўмга харид қилинган кондиционер нуқсонли чиққанлиги сабабли уни сотувчига қайтариб, пулини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчига кўра, у “Артел” русумли кондиционерни нархини бўлиб тўлаш шартларида, товар шартнома қийматининг 30 фоизини, яъни 1 170 000 сўмини олдиндан тўлаш йўли билан, жорий йилнинг 5 июн кунида харид қилиб, хонадонда 3 кун давомида фойдаланилишини жараёнидаёқ нуқсон аниқланган. Сотувчига товарни қайтариш масаласида мурожаат қилиб, ижобий натижага эриша олмаган.

Амалдаги қонунчиликка кўра истеъмолчи, ўзига нуқсонли товар сотилганда, кафолат ёки яроқлилик муддати мобайнида, кафолат ёки яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича эса олти ой мобайнида, товарни сотувчига қайтарилиши талабини қўйиши мумкин бўлиб, сотувчи бундай ҳолатларда қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда тегишли чора-тадбирларни кўриши лозим бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, шаҳар жамияти мутахассисларининг сотувчига қонуннинг тегишли нормалари бўйича олиб борган тушунтиришлари бу сафар ҳам бесамар кетмади. Нуқсони мавжудлиги даъво қилинган кондиционер сотувчига, олди-сотди жараёнида амалга оширилган дастлабки тўлов суммаси эса истеъмолчига қайтарилишига эришилди.

Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.

(иллюстратив фото)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin