“Мен молиявий саводхонман” кўрик-танлови эълони ва низоми

“Мен молиявий саводхонман” кўрик-танлови эълони ва низоми

Диққат!!! Кўрик-танлов!!!

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси “Келажагимиз бўлган ёшлар молиявий саводхон бўлмоғи зарур” номли грант лойиҳаси доирасида ёшлар ўртасида “Мен молиявий саводхонман” номи остида қисқа видеороликлар (1 минутгача шортс, риилз) яратиш бўйича кўрик-танлов эълон қилади.

Танловга вилоят ҳудудидаги ўрта, ўрта-махсус, олий таълим даргоҳларида таълим олаётган, шунингдек халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат фаолияти олиб бораётган (шу жумладан вақтинча ишсиз) ёшлар якка тартибда ёки жамоавий тартибда иштирок этишлари мумкин.

Танловга видеоматериал файл шаклида, шунингдек ижтимоий тармоқларга (ёки улардан бирига) жойланганлигини тасдиқловчи ҳаволаси (ссилкаси)ни илова қилган ҳолда юборилади.

Танловга келиб тушган материаллар танлов ҳайъати томонидан баҳоланади ва ғолиблар аниқланади.

Материалларни 2024 йилнинг 1 октябридан 30 ноябрига қадар телеграм мессенжеридаги +998773702445 номерига очилган “Moliyaviy savodxonlik ko‘rik-tanlovi” профили ёки @moliyaviysavodxonlikkuriktanlovi орқали қабул қилиб олинади.

Танлов ғолиблари: 1-ўрин 7 миллион сўм, 2-ўрин 5 миллион сўм, 3-ўрин 3 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади. Буларга қўшимча 1 та рағбатлантирувчи мукофот ҳам бор.

Танлов Низоми билан istemolchi-info.uz сайти бош саҳифасида (“Тадбирлар” рукнида) танишишингиз мумкин.

Танлов ҳамкори: Марказий банк Фарғона вилоят бош бошқармаси

*Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди гранти асосида амалга оширилмоқда.

 

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасининг “Келажагимиз бўлган ёшлар молиявий саводхон бўлмоғи зарур” номли грант лойиҳаси доирасида ёшлар ўртасида

“МЕН МОЛИЯВИЙ САВОДХОНМАН”

шиори остида ўтказиладиган қисқа видеороликлар (1 минутгача бўлган шортс, риилзлар) бир босқичли кўрик-танлови тўғрисидаги

НИЗОМ

 

  1. Умумий қоидалар

1.1. Мазкур Низом вилоят ҳудудидаги ўрта, ўрта-махсус, олий таълим даргоҳларида таълим олаётган, шунингдек халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат фаолияти олиб бораётган (шу жумладан вақтинча ишсиз) ёшлар ўртасида “Мен молиявий саводхонман” шиори остида ўтказиладиган қисқа видеороликлар (1 минутгача бўлган шортс, риилзлар) бир босқичли кўрик-танловни ўтказиш тартиби ва шартларини белгилайди.

1.2. Ёшлар деганда, Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни 3-моддасига кўра, ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар тушунилади.

1.3. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси мазкур кўрик-танловнинг ташкилотчиси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Фарғона вилоят бош бошқармаси танловни ўтказиш бўйича бош ҳамкор ҳисобланади.

Вилоятдаги бошқа бошқарма ва идоралар, корхона, ташкилотлар мазкур кўрик танловга ўзларининг услубий ва ҳомийлик ёрдамларини кўрсатишлари мумкин.

  1. Кўрик-танловнинг мақсади

2.1. Ёшлар (истеъмолчилар) ўртасида истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатини кенг ёйиш ва амалдаги қонунчилик тарғиботини олиб бориш, уларнинг молиявий хизматлар соҳасидаги ҳуқуқий билим савияси ва истеъмол маданиятини ошириш, ёшларни молиявий хизматлар соҳасига тааллуқли кибержиноятларга қарши курашиш ишида фаол иштирок этишга рағбатлантириш, уларнинг молиявий хизматлар соҳасидаги амалдаги қонунчилик талаблари ижроси устидан жамоатчилик назоратида кенг иштирокини таъминлаш ушбу кўрик-танловнинг асосий мақсадидир.

  1. Кўрик-танловни ўтказиш тартиби

3.1. Кўрик-танлов вилоят ҳудудидаги ўрта, ўрта-махсус, олий таълим даргоҳларида таълим олаётган, шунингдек халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат фаолияти олиб бораётган (шу жумладан вақтинча ишсиз) ёшлар ўртасида ўтказилади.

3.2. Кўрик-танловга, у эълон қилинганидан то танловга материаллар қабул қилиниши тўхтатиладиган кунга қадар, камида 10 нафар иштирокчи (иштирокчилар жамоаси)дан камида 10 та материал (видеоролик) келиб тушиши танлов ўтказилган деб эътироф этилишига асос бўла олади.

3.3. Кўрик-танлов бир босқичда ўтказилади ва бунда қуйидаги кетма-кетликда ишлар ташкилланади:

3.3.1) танлов ўтказилиши ҳақида эълон берилади.

3.2.2) танловга иштирокчилардан материаллар 2024 йилнинг 1 октябридан 30 ноябрига қадар телеграм мессенжеридаги алоҳида очилган профил бўйича қабул қилиб борилади.

3.3.3) 2024 йилнинг декабр ойи биринчи ўн кунлигида танлов Ҳакамлар ҳайъати томонидан келиб тушган материалларни баҳолаш ва ғолибларни аниқлаш ишлари ўтказилади.

3.3.4) Ташкилотчи томонидан белгиланган жойда ва муддатда кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилади.

  1. Кўрик-танловда иштирок этиш тартиби

4.1. Танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган шахслар якка тартибда ёки жамоавий тартибда иштирок этишлари мумкин.

4.2. Иштирокчи видеороликда суратга тушган шахслар сонидан қатъи назар материални якка тартибда иштирокчи номидан рўйхатни олишни сўраб юборган тақдирда, танловга якка тартибда иштирок этувчи сифатида рўйхатга олинади. Бунда иштирокчи фамилия, исми, отасининг исми, унинг ёши, таълим олаётган ўқув юрти ёки иш жойи (вақтинча ишсизлар учун яшаш манзили) бўйича рўйхатга олинади.

Танловда жамоавий тартибда иштирок этилганда иштирокчи жамоа номи (ўқув юрти, иш жойи, яшайдиган маҳалласи номи ва ҳ.к.), иштирокчи жамоа раҳбари (сардори) фамилия, исми, отасининг исми, унинг ёши, ташкилот (таълим маскани, иш жойи) бўйича рўйхатга олинади.

4.3. Танловга бир шахсдан (бир жамоадан) жами бўлиб 3 тагача материал қабул қилинади.

4.4. Материал (видеоролик) танловга юборилишидан олдин иштирокчининг (жамоанинг) ижтимоий тармоқлар (Facebook, Instagram, Youtube, Telegram)даги обуначиларига эга бўлган шахсий профил (саҳифа, канал)лардан камида биттасига ёки обуначиларга эга бошқа шахснинг ёки ташкилотнинг профил (саҳифа, канал)дан камида биттасига жойлаштирилиши ва шундан сўнг танлов ташкилотчисининг телеграмдаги профилига видеонинг алоҳида файлига қўшиб ўша материал (пост)га ҳавола (ссилка)лари ҳам юборилиши керак.

4.5. Материал (ҳаволалар билан) танлов ташкилотчисининг телеграмдаги профилига юборилгач, ташкилотчи томонидан “Материал танловга қабул қилинди” хабари ёзилиши иштирокчи материалини танловга қабул қилинганлигини билдиради. Агар ушбу хабар ўрнига савол (ёки саволлар) ёзилса, иштирокчи “Материал танловга қабул қилинди” хабарини олгунига қадар уларга жавоб бериши талаб қилинади.

  1. Кўрик-танловга иштирокчи томонидан юбориладиган материалга қўйиладиган талаблар

5.1. Танловга юбориладиган видеоролик давомийлиги 1 минутдан ортиқ бўлмаслиги, давлат тилида ва имкон қадар сифатли суратга олинган (монтаж қилинган) бўлиши, инсонларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеини камситувчи руҳда бўлмаслиги, ундаги кадрларда матн ишлатилса имло хатоларсиз бўлиши, видео давомида ишлатиладиган молиявий хизматлар соҳасига оид терминлар ўз ўрнида ва тўғри қўлланилиши талаб қилинади.

5.3. Видеороликлар молиявий хизматларнинг кредитлар, омонатлар, валюта айирбошлаш, пул ўтказмалари, пластик карточкалардан фойдаланиш, суғурта, лизинг, брокерлик, ломбардлар фаолиятига оид мавзулардан бирида, аҳолининг шу йўналишдаги ҳуқуқий билимини ошириш, бу борада саводхон бўлишга чорлаш, ушбу йўналишлардаги турли фирибгарликлардан, кибержиноятлардан огоҳлантиришни кўзда тутувчи мазмунда бўлиши мумкин.

5.3. Материал/материаллар (видеоролик/видеороликлар) танловга юборилишидан камида беш соат олдин иштирокчининг (жамоанинг) ижтимоий тармоқлар (Facebook, Instagram, Youtube, Telegram)даги обуначиларига эга бўлган шахсий профил (саҳифа, канал)лардан камида биттасига ёки обуначиларга эга бошқа шахснинг ёки ташкилотнинг профил (саҳифа, канал)дан камида биттасига жойлаштирилган бўлиши лозим.

6. Кўрик-танлов ташкилотчилари ва уларнинг мажбуриятлари

6.1. Кўрик-танлов ташкилотчилари танловга тегишли масалаларини ташкил этиш, ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш ишларини ташкиллайди.

Ташкилотчилар томонидан ушбу жараёнга маҳаллий ҳокимликлар, ташкилот ва хўжалик юритувчи субъектларининг ихтиёрий беғараз ҳомийлик ёрдамларини ҳам жалб қилиниши мумкин.

6.2. Кўрик-танлов Ҳакамлар ҳайъати таркибини тасдиқлайди, уларнинг танловда иштироки билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилади.

6.3. Танловда ғолиблик (1-3 ўринлар)ни қўлга киритган иштирокчиларни пул мукофотлари билан тақдирлаш, шунингдек юқоридагиларга қўшимча бир нафар иштирокчини рағбатлантирувчи номинация йўналишида рағбатлантириш чора-тадбирларини кўради. Ғолибларга мукофотларга қўшимча равишда ҳудудий бирлашма “Фахрий ёрлиқ”лари берилиши мумкин.

6.4. Кўрик-танлов бош ҳамкори – Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Фарғона вилоят бош бошқармаси ўз томонидан танлов ғолибларини қўшимча тарзда рағбатлантириш бўйича таклифларини киритиши мумкин.

  1. Кўрик-танлов иштирокчиси ва унинг мажбуриятлари

7.1. Кўрик-танловда иштирок этиш истагида телеграм мессенжери орқали танлов ташкилотчиси томонидан ташкилланган профилга ўз материалини юборилиши унинг томонидан мазкур Низом талабларини тўлиқ тан олинишини билдиради.

7.2. Кўрик-танлов иштирокчиси:

– танловнинг мазкур Низоми талабларига;

– жамиятда шаклланган ахлоқ-одоб қоидаларига;

– танлов ташкилотчиларининг танловни тартибли ўтказиш билан боғлиқ талабларига амал қилиши;

– Ҳакамлар ҳайъатининг иштирокчини ва бошқа иштирокчиларни баҳолаш юзасидан чиқарган қарорларига нисбатан ҳурмат билан ёндошиши шарт.

  1. Якуний қоидалар

8.1. Кўрик-танлов Ҳакамлар ҳайъати аъзолари танлов шартлари бўйича иштирокчиларни баҳолашда ижтимоий адолат, тенглик, командалар ўртасидаги соғлом рақобат принципларига амал қилишга мажбурдирлар. Улар танловга оид қарорлар чиқаришда мустақилдирлар ва бу борада ташкилотчилар, иштирокчилар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ҳоҳиш-истакларига боғлиқ бўлмайдилар.

8.2. Кўрик-танлов Ҳакамлар ҳайъати камида 7 кишидан иборат таркибда (бунда уларнинг икки нафари танлов ташкилотчиси вакили бўлади) томонидан шакллантирилади ҳамда ҳайъатнинг ғолибларни баҳолаш юзасидан чиқарилган қарорлари қатъийдир ва бу борада шикоятга йўл қўйилмайди.

8.3. “Мен молиявий саводхонман” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш 2024 йилнинг декабр ойи биринчи ўн кунлигида танлов ташкилотчиси томонидан танланиб, танлов ғолиблари ва бошқа масъулларга олдиндан маълум қилинган жойда ва вақтда ўтказилади.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin