Нуқсонли электравтомашина бошқасига алмаштирилди
Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Ғ.Қ.нинг шартнома қиймати 5 721 000 сўм бўлган болалар ўйинчоқ электр автомашинасини муддатли тўлов шартларида харид қилиниб, хонадонга келтириб фойдаланиш жараёнида аниқланган нуқсон сабабидан сотувчига қўйилган талаблар қаноатлантирилмаётганлиги ҳолатидан норози бўлиб қилинган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, болалар учун мўлжалланган, товар номи “Jeeb” бўлган электравтомашина тумандаги “Ишонч” кредит савдо дўконидан товар қийматини бўлиб тўлаш шартларида харид қилинган. Хонадонга келтириб фойдаланиш жараёнида эса автомашинанинг қувватлагич қисмида нуқсон кузатилган. Дўкон масъулларига бу борада қилган мурожаатлари билан эса ижобий натижага эриша олмаган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ўзига нуқсонли товар сотилган истеъмолчи бундай товарларни алмаштирилишини, бепул таъмирланишини, нуқсонни бартараф қилиш учун қилган ҳаражатлари қопланишини, шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарарни қопланишини ва шу каби бир қатор талабларни қўйиш ҳуқуқига эга бўлиб, унинг талаблари қонунда белгиланган муддатларда ижроси таъминланиши керак. Акс ҳолда, истеъмолчида кўрилган зарарни қоплатиш билан бир қаторда, қонунда белгиланган муддатлардан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун товар баҳосининг бир фоизи миқдорида пеня (неустойка) ундириб олиш ҳуқуқи ҳам вужудга келади.
Истеъмолчи мурожаатини ўрганилиши жараёнида томонларга қонунчиликнинг юқоридаги талаблари бўйича тушунтиришлар берилди. Ўрганиш ишлари эса, кутилганидек, масалани истеъмолчи фойдасига ҳал бўлиши билан якун топди. Нуқсонли деб топилган болалар электравтомашинаси мақбул сифатдагиси бошқасига алмаштириб берилди.
Дилором Мирзаева,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment