Онлайн савдо орқали харид қилинган товарларнинг пули қайтарилди
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг “Маориф” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.Э.нинг онлайн савдо йўли билан сотиб олинган атир ҳамда юз тозаловчи гелнинг рекламада кўрсатилгани каби мақбул сифатда эмаслиги, ушбу сабабдан товарларни сотувчиларга қайтарган ҳолда пулларини қайтиб олишида амалий ёрдам сўраб қилинган мурожаатлари ўрганилди.
Истеъмолчига кўра, у телеграм мессенжеридаги онлайн савдо билан шуғулланувчи гуруҳда реклама қилинган нархи 300 000 сўм бўлган атирга буюртма берган. Лекин товар унга етказиб берилгач, атирнинг рекламада кўрсатилган даражадаги хусусиятларга эга эмаслиги маълум бўлган. Шунингдек, у ўз мурожаатида “Узум маркет” иловаси орқали нархи 204 000 сўм бўлган юз тозаловчи гидрофил мойи ҳам харид қилинганидан сўнг мақбул сифатда эмаслиги, умуман гидрофил мой бажариши лозим бўлган хусусиятларни намоён қилмагани, оддий мойдан фарқ қилмаслиги, қўллаб кўрган вақтида ҳеч қандай натижа бўлмаганини маълум қилади.
Истеъмолчи мурожаатини ўрганилиши жараёнида атир ҳамда гидрофил мойи сотувчилари билан алоқа ўрнатилиб, уларга амалдаги қонунчилик талаблари бўйича тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Ўрганиш ишлари натижаси билан эса истеъмолчининг пластик картасига телеграм мессенжери орқали харид қилинган атир учун амалга оширилган 300 000 сўм ҳамда “Узум маркет” иловаси орқали гидрофил мойи хариди учун амалга оширилган 204 000 сўм пул маблағлари қайтариб тушириб берилди.
Саидхон Хапизов,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment