Истеъмолчида қарздорлиги мавжуд эмаслиги исботини топди
Қўштепа туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Қийқи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ҳ.Н.нинг 2020 йилда бўлиб тўлаш шартларида харид қилиниб, тўловлар 2021 йилда тўлиқ тўлаб бўлинган 2 та уяли телефон аппарати учун 2025 йилга келиб МИБдан қарздорлик бўйича огоҳлантириш хати келганлиги ҳолатига ойдинлик киритилиб, муаммони бартараф этилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у 2020 йилда тумандаги “Hamroh savdo tarmog`i” МЧЖга қарашли савдо дўконидан шартнома қиймати 3 260 000 сўм бўлган 2 та уяли телефон аппаратини қийматини 1 йил давомида бўлиб тўлаш шартларида харид қилади. 2021 йилнинг баҳор ойларигача шартнома бўйича тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаб ниҳоясига етказади. Лекин 2025 йилга келиб унга МИБдан 1 860 000 сўм қарздорлиги мавжудлиги ҳақида суд ҳужжати келиб тушади. Масалага ўз кучи билан аниқлик кирита олмаган истеъмолчи Федерация ишонч телефонига ёрдам сўраб мурожаат қилади.
Мурожаатни ўрганиш давомида шахсан иштирок этган истеъмолчининг 2021 йилда охирги тўлов суммасини нақд кўринишда савдо дўкони масъул ходимининг қўлига берганлиги, қарзи қолмаганлиги бўйича ўша пайтда маълумотнома ҳам олганлиги юзасидан қилган даъвоси савдо дўкони масъуллари томонидан тан олиниб, истеъмолчи Ҳ.Н.нинг 10.03.2020 йилда имзоланган кр-99000118-2-сонли шартнома бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги бўйича жавоб хати кўринишидаги ҳужжат ўрганишга тақдим қилинди. Ўрганиш ишлари давомида томонларга амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.
Ҳакимжон Ҳайитов,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment