Суюлтирилган углеводород газини аҳолига етказиб беришда тасдиқланган графикларга амал қилиниши шарт
Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Қорақум” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Р.Г.нинг суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш муддатларидаги узилишлар, тўловни пластик карта орқали тўлаш борасида юзага келаётган муаммолар ҳамда кўрсатилмаган хизмат учун пул олиш ҳолатлари юзасидан Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Гарчи мурожаатни ўрганиш жараёнида истеъмолчини қийнаб турган муаммо бартараф этилган, унинг қулфланиб қолган пластик картаси келгусида тўловларни амалга ошириб бориши учун ишга тушириб берилган бўлсада, маҳалла ҳудуди аҳолисига суюлтирилган газ етказиб беришда, ҳақиқатан ҳам, тасдиқланган графикдан четга чиқиш ҳолати кузатилган. Ушбу ҳолат юзасидан туман жамияти мутахассислар туман газ идораси масъуллари билан тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб борганлар.
Шундай бўлсада, шу ва шу каби ҳолатларда истеъмолчиларга қўшимча маълумот бўлиши учун қуйидагиларни келтириб ўтишни жоиз деб топдик:
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 августдаги 646-сон қарорига 1-илова билан “Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тартиби тўғрисида низом” тасдиқланган.
Низомнинг 63-бандига асосан, етказиб берувчи ташкилот суюлтирилган углеводород газини истеъмолчиларга ўз вақтида ва узлуксиз етказиб беришни ушбу Низомга, тасдиқланадиган жадвалларга ва ҳажмларга мувофиқ етказиб беришни амалга оширишга, етказиб берувчи заводнинг суюлтирилган углеводород газини етказиб беришда кутилаётган кечикишлар ёки етказиб бериш тўхтатилиши тўғрисидаги хабарномаси олинган кундан бошлаб бу ҳақда ўн календарь кун ичида истеъмолчини хабардор қилишга мажбурдир.
Низомнинг 68-бандига кўра, истеъмолчига етказиб берилган маиший газ баллонида суюлтирилган углеводород гази миқдори 20 кг дан кам бўлиши ҳамда суюлтирилган углеводород гази ва маиший газ баллонларини етказиб беришнинг тасдиқланган жадвалларида белгиланган муддатлардан кечикиши (етказиб берувчи заводнинг суюлтирилган углеводород газини етказиб беришда кутилаётган кечикишлар ёки етказиб бериш тўхтатилиши тўғрисидаги хабарномаси асосида истеъмолчи хабардор қилинган ҳолатлардан ташқари) газ таъминоти ташкилоти раҳбари ва етказиб берувчи ходимнинг жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш учун асос бўлади.
Адхамжон Хамидов,
жамият раиси.
Post Comment