Истеъмолчилардан уларнинг номига турли шартномалар расмийлаштирилиши жараёнида ҳушёрлик талаб этилади

Истеъмолчилардан уларнинг номига турли шартномалар расмийлаштирилиши жараёнида ҳушёрлик талаб этилади

Бугунги кунда қаерга қараманг акция, ютуқ, чегирма деган сўзларга кўзингиз тушади. Бу товар ва хизматларни реклама қилиш ва сотишнинг замонавий маркетинг усулларидан бўлиб, агар уларнинг туб замирига одамларни алдаш мақсади яширинмаган бўлса, буни ҳеч қандай хавотир оладиган жойи йўқ, албатта. Лекин мақсад ушбу терминларнинг асл моҳиятини тушуниб-тушунмаган одамларга мазкур жимжимадор сўзлар иштирок этган турли ўйинларни ўтказиб, охир оқибат уларни алданиб қолишига олиб келса, бу ҳолат ҳуқуқбузарлик сифатида қаралишига сабаб бўлади.

Бешариқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига тумандаги 12-оилавий поликлиниканинг 7 нафар ходимлари номидан мурожаат қилган Б.Ж. жорий йилнинг апрел ойида уларнинг ишхонасида ўзларини Андижон вилоятидан деб таништирган тадбиркорлар томонидан “ютуқли акция” ўтказилганлигини, унда агар иштирок этувчига ютуқ нархи 1 500 000 сўмдан кам суммани ташкил қиладиган совға чиқса, мазкур буюм текинга берилиши, бунга қўшимча иштирокчи рўйхатдан бошқа бирорта товар танлаб, уни муддатли тўлов шартларида расмийлаштирилишини айтганликларини ва ютуқли ўйинга қизиқиш билдирган поликлиниканинг 7 нафари ходими унда иштирок этганлигини маълум қилади.

“Акция”да иштирок этган тиббиёт ходимларининг бири у, бири бу совғани ютиб олган ва бундан руҳланиб, қўшимча равишда умумий рўйхатдан телефон, чанг ютгич, идишлар тўплами ва шу каби товарларни танлаб, мазкур танланган товарларнинг шартнома қийматини бўлиб тўлаш шартларида расмийлаштирилишига розилик беришган. Лекин орадан бир ой ўтиб пластик карталаридан пул ечилганда шартнома қиймати суммасига “совға” (текин)га деб берилган товарнинг нархи ҳам киритиб юборилганлиги маълум бўлган. Шундан уларнинг акция ташаббускори билан олиб борган музокараларидан натижа бўлавермагач, Бешариқ туман жамиятига мазкур масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилганлар.

Туман жамияти мутахассислари томонидан акция ташаббускори бўлган тадбиркорлик субъектига сўров хати киритилиб, масала тадбиркорнинг жойлашган жойи бўйича Асака туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассисларини ҳам жалб қилган ҳолда ўрганилди. Ўрганиш якунлари билан эса муаммо бартараф этилиб, ўйин иштирокчиси бўлган 7 нафар тиббий ходимнинг муддатли тўлов шартномасидаги умумий суммадан “совға” суммасини чегириб ташланишига эришилди.

Шоирахон Насриддинова,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin